Девор оқлаётган ва ғишт тераётган Қўқон шаҳар ҳокими: у ўзи ҳақидаги гап-сўзларга муносабат билдирди
Ижтимоий тармоқларда Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмоновнинг шаҳардаги эҳтиёжманд оилалар деворини оқлаётган ва уй қурилишида ғишт тераётган фототасвири эълон қилинди. Ҳокимнинг ушбу иши интернетнинг фаол фойдаланувчилари томонидан турли хил муҳокамаларга сабаб бўлди. Шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов ўзи ҳақидаги гап-сўзларга муносабат билдирди.
Қўқон шаҳар ҳокимлигида Фарғона вилоятида фаолият олиб бораётган журналист ва блогерлар учун шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда иштирок этган ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга шаҳар ҳокимидан жавоб олдилар. Жумладан, Kun.uz мухбири ҳоким Маъруфжон Усмоновнинг ўзидан шаҳардаги эҳтиёжманд оилалар деворини оқлаётган ва уй қурилишида ғишт тераётган фототасвири бўйича муносабат сўради.
Мухбирнинг саволига жавоб қайтарган Маъруфжон Усмонов одамларни дангаса бўлиб қолганликда айблади:
«Одамлар ҳаттоки ўзининг деворини оқлашга, кўзи кўриб, кўнгли хижил бўлаётган бўлса ҳам, ўзига ёқмаётган бўлса ҳам бир пақир оҳакни олиб келиб оқлашга эринадиган бўлиб қолди. Бу афсус...
Ўша ердан ўтаётган қўли бўш, тадбиркор одам ҳам ўша эҳтиёжмандга ёрдам беришни ўзига эп кўрмай қолди. Айримлар-да...
Азалдан ҳашар усули бизда энг катта усул бўлиб келган. Мана шу қадриятларимизни тиклаш, одамларда меҳр-эътиборни янада кучайтириш, кўрган нарсасига бефарқ бўлмасликни шакллантиришни ҳокимлик вазифамдаги асосий вазифам деб ҳисоблайман», — дея таъкидлади шаҳар ҳокими.
Шунингдек, Маъруфжон Усмонов ўша кунги ҳашар ишида бир қатор деворни тўлиқ оқлаганини, ғишт териш ишида эса икки қатор ғиштни териб берганини айтиб ўтди.
«Қолган ғиштларни уста мутахассисларнинг ўзлари давом эттиришди. Катта уй пойдевори бўлгани учун қолганини усталарнинг ўзларига қолдирдик, лекин кетмасдан кўпроқ усталарга ёрдамлашдик. Мен ғиштини олиб келиб бериб турдим», — дея фикрини якунлади Маъруфжон Усмонов.
Мавзуга оид
14:21 / 21.12.2024
Ҳокимлар ва футбол. Йил бошидаги мақсад ва харажатга яраша қандай натижага эришилди?
20:18 / 30.11.2024
Энергетика соҳасидаги сусткашлик учун 14 нафар ҳокимга ҳайфсан берилди
17:45 / 23.11.2024
“Камерани кўриб, беморларни тарқатиб юборишди” – мухбирлар фарғоналик табиб кўчасига киритилмади
14:01 / 13.10.2024