Жаҳон | 23:13 / 13.04.2021
6506
2 дақиқада ўқилади

Эрон ядро объектига ҳужумдан кейин уранни бойитиш даражасини оширади

Фото: AP

Эрон 14 апрелдан уранни бойитиш даражасини оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Аббос Ароқчи айтган.

Тахминларга кўра, Теҳрон Натанзадаги ядро объектига ҳужумдан кейин буни амалга оширмоқчи. «Эрон АЭХАни эртанги кундан уранни 60 фоизгача бойитишни бошлашидан огоҳ қилди», деб айтган Ароқчи. Натанзадаги объектга уранни бойитишда қўлланувчи центрифугадан яна минг дона етказиш режалаштирилган.

11 апрелда Натанзадаги Аҳмади Равшан номидаги уранни бойитиш мажмуасида электр энергияни тақсимлаш тизимининг ишдан чиқиши билан боғлиқ фавқулодда вазият юз берди. Эроннинг атом энергияси ташкилоти раҳбари Али Акбар Солиҳий тизимдаги носозлик «ядро террорчилиги» сабаб юз берганини айтган. Бироқ у ушбу қўпорувчиликда бирор-бир томонни айблашдан тийилган.

Кейинроқ «Jerusalem Post» нашри гап киберҳужум ҳақида бораётганини ва унинг ортида Исроилнинг «Моссад» разведкаси турган бўлиши мумкинлигини хабар қилган. 12 апрелда Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зариф Натанзадаги фавқулодда вазият учун Исроил жавобгар эканини ва Теҳрон бунга қарши жавоб чораларини кўришини айтган. Кейинроқ Зариф ушбу масала юзасидан ҳали якуний хулосалар чиқарилмаганини қўшимча қилган.

Эрон ОАВнинг Эрон разведка вазирлигидаги манбага таяниб хабар беришича, Теҳрон ушбу ҳужум ортида турган шахсни аниқлаган ва айни вақтда уни ҳибсга олиш бўйича чоралар кўрилмоқда. «The New York Times» нашри АҚШ разведкасидаги манбага таяниб, Натанзадаги объектда юз берган ҳодиса камида 9 ойга унда уранни бойитиш ишларини тўхтатиб қўйганини маълум қилган. Ядро объектидаги энергия таъминоти тизими кучли портлаш оқибатида йўқ қилинган. Бу тизимсиз уранни бойитишда қўлланувчи центрифугалар ишламайди. Бироқ 12 апрелда Али Акбар Солиҳий Натанзадаги ҳодиса уранни бойитиш жараёнига таъсир кўрсатмаганини маълум қилган.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид