Ўзбекистон | 20:28 / 13.04.2021
25331
2 дақиқада ўқилади

«Қишлоқ хўжалигидан озод этилган ҳокимлар нега ёшлар масаласи билан шуғулланмаяпти?» – Президент Фарғона вилояти ҳокимини ўрнак қилиб кўрсатди

Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар масаласига бағишланган видеоселекторда Фарғона вилояти раҳбари Хайрулло Бозоровни бошқа вилоятлар раҳбарларига ўрнак қилиб кўрсатди.

«Мана, Фарғона вилояти ҳокими айтсин, бирорта туман ҳокимининг 50 фоиз вақти пахтага сарфланяптими? Қишлоқ хўжалигидан озод қилинган экан, нега ёшлар масаласи билан шуғулланиш ўлда-жўлда бўляпти?

Нима учун Сурхондарё, Андижон, Сирдарё, Жиззах вилоятлари ҳокимлари Фарғонага ўхшаб, ёшлар масаласида берилган топшириқлар бўйича аниқ натижа ва ташаббуслар кўрсатмади?

Вилоят ҳокимлари ўн кун муддатда туман ва шаҳар кесимида ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш ва бандлигини таъминлаш графикларини тасдиқлаб, янги-янги ташаббусларни амалга оширсин», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Бундан ташқари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Азиз Воитов ва Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари Адиз Бобоев вилоят ҳокимлари билан бирга, жорий йил 1 июнига қадар ҳудудларда 77та «ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари»ни ишга туширишга шахсан масъул экани қайд этилди.

«Бугунги кунда ёшларнинг тадбиркорликка қизиқишлари катта бўлгани билан, улар керакли кўникмаларга эга эмас.

Шунинг учун, ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларни бизнесдаги рискларга ўргатиш зарур.

Бу йўналишда айни пайтда тадбиркор ака-ука Мамасаидовлар 480 минг нафар ёшларга тадбиркорлик кўникмаларини махсус онлайн дастур орқали бепул ўргатмоқда. Мен Ҳасан-Ҳусан укаларимиздан миннатдорман», – деди давлат раҳбари.

Сўзга чиққан тадбиркор Ҳасан Мамасаидов ўз тажрибаси билан ўртоқлашаркан, «Қимматга тушган хатолар» мавзусида дастурлар тайёрлаш ниятида эканлигини билдирди ва хато қилганлар ўз бошидан кечирганларини айтиб беришларини билдирди.

Мавзуга оид