Ўзбекистон | 16:56 / 14.04.2021
2612
2 дақиқада ўқилади

Соғлиғидан шикояти бўлмаган рўзадорлар эмланади – штаб аъзоси

Рўзадор инсоннинг саломатлиги барқарор деб топилса эмлаш жараёнида қатнашади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева маълум қилди.

Фото:AFP

“Маълумки, юртимизда муқаддас Рамазон ойи бошланди. Сурункали касаллиги бор рўзадорларда касаллик хуруж қилмаган, барқарор ҳолат кузатилаётган пайтда эмланиш мумкин бўлади. Агар рўзадор инсонда сурункали касалликлар ва соғлиғидан шикояти бўлмаса, ўрта ёшли бўлиб эмлашга тавсия қилинган бўлса, шифокор кўригидан сўнг эмланса бўлади”, деди Севара Убайдуллаева.

Мутахассис маълум қилишича, эмланувчи рўза жараёнида тўғри овқатланмасдан, организмини керакли миқдорда витаминлар билан таъминламаслиги оқибатида саломатлик кўрсаткичларида ўзгариш юз берган бўлса, эмланиш вақтинча тўхтатиб турилади.

Таъкидланишича, илмий адабиётларда вакцина олганларнинг баъзилари касалликни енгил даражада кечиришлари мумкинлиги айтилган. Яъни, эмланган инсон касалликнинг ўша енгил даражасини ўтказиш даврида вирус тарқатувчи бўлиб қолиши ҳам мумкин. Ҳозирча республикада бу каби ҳолатлар аниқланмаган.

Шунингдек, штаб аъзоси иш берувчилар ўз ходимларини вакцина олишга мажбурлай олмасликлари ҳақида ҳам гапирди.

“Бундай ҳолатларда тегишли ваколатга эга бўлган ташкилот ёки идораларга мурожаат этиш керак. Булар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилот ёки идоралар бўлгани мақсадга мувофиқ”, деди у.

Аввалроқ, эмланишдан сўнг юз бериши мумкин бўлган ножўя ҳолатларда кўриладиган чоралар ҳақида маълумот берилган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид