Ўзбекистон | 23:02 / 15.04.2021
9451
3 дақиқада ўқилади

Алишер Қодиров «Давлат тили ҳақида»ги қонунга таклиф қилинаётган асосий ўзгаришлар ҳақида гапирди

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси лидери Алишер Қодиров Олий Мажлис қонунчилик палатасида иккинчи ўқишга тайёрланаётган «Давлат тили ҳақида»ги қонун ҳақида гапирди.

Сиёсатчига кўра, қонун янги таҳрирда қабул қилинган тақдирда қатор ўзгаришларни назарда тутади.

«Давлат тили ҳақида»ги қонун 1989 йилда қабул қилинган. Бугунги кунда тилга бўлган муносабат, жамиятда ўзбек тилининг ўрни ва аҳамияти кескин ўзгарди.

Шундан келиб чиққан ҳолда қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниш жараёнлари бошланди. Яқин кунларда биз қонунни иккинчи ўқишда кўриб чиқамиз.

Асосий ўзгаришлар ҳақида эса лойиҳа иккинчи ўқишдан ўтгандан кейин гапириш мумкин. Лекин «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг таклифи шундайки, давлат ташкилотларида ишловчи ходимлар ўзбек тилини билиши шарт.

Яъни ходим давлат ташкилотида ишлаяптими, албатта, ўзбек тилида гаплаша олиши керак», – деди Алишер Қодиров.

Партия таклиф қилаётган иккинчи таклиф – фуқаролар давлат ташкилотларига мурожаат қилган тақдирда, ўз мурожаатини давлат тилида бериши кераклиги борасида бўлмоқда.

«Агар фуқаро ўз мурожаатини давлат тилида қилишининг иложи бўлмаса, таржимаси илова қилиниши шарт.

Бугунги кунда давлат идораларининг бошқа тилларда қилинган мурожаатларни кўриб чиқиш учун мутахассис ёки таржимонга эҳтиёжи бор. Унга жавоб бераётганда яна ўша тилда юбориш ҳам алоҳида харажатларни талаб қилади.

Қолаверса, биз давлат ташкилотларига қабул қилинаётган ходимга хорижий тилларни билиши керак, деган талабни қўймаганмиз.

Таклифларимизнинг яна бир муҳим жиҳатларидан бири таълим билан боғлиқ. Ҳозир Ўзбекистонда фуқаро учун таълим тилини танлаш ҳуқуқ сифатида берилган.

Конституция бўйича турли миллат вакили бўлган ватандошларимизга ўз она тилида таълим олиши учун шароит яратиб берилган. Айнан мана шу шароитни сақлаб қолган ҳолатда, биз ўзбек оилалари учун таълим тилини танлаш имкониятини тўхтатмоқчимиз. Негаки, таълим тилини ҳамма ўз она тилида олиши керак ва бу қонунда акс этиши лозим», – деди партия раҳбари.

Мавзуга оид