Ўзбекистон | 21:21 / 15.04.2021
12268
4 дақиқада ўқилади

Алишер Қодиров — президент сайлови, популист сиёсатчи эмаслиги ва ХДПнинг ғоялари ҳақида

15 апрел куни журналист ва блогерлар учун Ангрен шаҳрида жойлашган шина заводига пресс-тур ташкил қилинди.

Kun.uz мухбири пресс-тур давомида Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси лидери Алишер Қодировни учратди ва сиёсатчи билан қисқа интервью уюштирди.

Интервью яқинлашаётган президентлик сайловлари ва Қодировга тез-тез ёпиштириладиган «популист сиёсатчи» тамғаси мавзуларида борди.

Алишер Қодиров президентлик сайловларда партиянинг иштироки ҳақида

Биринчидан, партия сайловларда ҳақиқатан ҳам иштирок этади. «Миллий тикланиш»нинг ўз қарашлари бор.

Бу президентлик сайловларида партия ўзининг муҳим таклифларини киритмоқчи.

Албатта, биз охирги йиллардаги кескин ўзгаришларни эътироф этган ҳолда, Ўзбекистоннинг янада барқарор ва тезкор ривожланиши учун ўз таклифларимизни билдирамиз.

 Президентликка партиядан кўрсатиладиган номзод ҳақида

 Партиянинг Қурултойи сайловдан олдин номзод масаласида ҳам тўхталиб ўтади ва бир қарорга келади.

Сайловдаги ўз қарашларимизни олиб чиқиш учун бугунги кунда ишчи гуруҳимиз ишлаяпти.

 Ўзига нисбатан популист сиёсатчи «тамғаси» тез-тез ёпиштирилиши ҳақида

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси лидери Алишер Қодиров

Популист сиёсатчилар кўп ҳолларда халқнинг эркатойи бўлади. Улар доимо одамларга ёқаётган масалалар ҳақида гапиришади.

Мени кузатсангиз, мониторинг қилсангиз, одамлар кўп ҳолларда фикрларимга ижобий баҳоларни айтишмайди. Чунки партиямиз шиори – инсонни ўзгартириш орқали жамиятни ўзгартириш. Бугун жамиятда ўзгартириш керак бўлган жуда кўп ҳолатлар бор. Уларнинг энг асосийси дунёқарашимиз ўзгариши керак.

Бизнинг дунёқарашни ўзгартириш бўйича қилаётган таклифларимизнинг кўпи дунёқарашини ўзгартириши керак бўлган қатламга ёқмайди. Бугун биз айнан шу нуқтайи назардан танқидларга учраяпмиз.

Танқид қилаётган, фикрларимизни тўғри деб ҳисобламаётган ва биз билан тортишаётган томонларнинг барчасига миннатдорчилик билдирамиз.

Мен Ўзбекистон жамиятида ёқимтой сиёсатчи эмасман. Шунинг учун, популист сиёсатчи, деган баҳо менга эмас.

Халқ демократик партияси раиси Улуғбек Иноятов Алишер Қодировни «популист сиёсатчи» деб атагани ҳақида

Бу – ХДП партияси раисининг шахсий фикри. Мен хурсанд бўлардимки, бутун Ўзбекистоннинг ёқимтой сиёсатчиси бўлсам. Ва мен ҳам ҳар доим халққа ёқадиган масалаларни гапириб юрсам.

Агар биз популист сиёсатчиликка даъвогар десак, аввало, Халқ демократик партияси раисининг ўзини шундай аташимиз керак. Нега? Чунки бу партиянинг ўзи ҳамма нарсани давлат ҳисобига бўлишини хоҳлайди. Керак бўлса, коммунал тўловларни ҳам давлат тўлаб берса. Текинга уйларни тўғрилаб беришса. Социал демократиянинг фундаментал ғояларига ўхшаб, ҳамма нарсани давлат қилиб берса.

Бу партия илгари сураётган ғоялар айнан шулардан иборат. Агар улар ўз ғояларини шу шаклда халққа етказиб берса, ўйлайманки, улар халқимизнинг энг ёқимтойи, популист сиёсатчисига айланишади.

Биз бунга қаршимиз. Инсон бугунги дунё талаблари асосида ривожланиши керак. Жамиятимиз ҳам сиёсий тафаккур нуқтайи назаридан тубдан ўзгариши керак. Балки шунинг учун одамларга ёқмаётгандирмиз.

Маълумот учун яқин кунларда Kun.uz сайти сиёсатчи Алишер Қодиров билан тўғридан тўғри эфирда интервью уюштиришни режалаштирган.

Илёс Сафаров тайёрлади.

Мавзуга оид