Ўзбекистон | 19:11 / 15.04.2021
10399
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги туризм марказини бориб кўрди

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд туманида барпо этилаётган туризм маркази қурилишини кўздан кечирди.

Мажмуа Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали бўйида, 212 гектар майдонда қурилмоқда. Лойиҳага кўра, бу ерда 10 та иншоот, жумладан, конгресс холл, меҳмонхоналар, дам олиш масканлари бўлади.

Айни пайтда конгресс холл, “Абадий шаҳар” карвон саройи ва 8 та меҳмонхона бунёд этилмоқда. Меҳмонхоналарнинг иккитаси 22 қаватли, беш юлдузли, қолганлари тўрт юлдузли бўлади. Айни пайтгача 726,3 млрд сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилган.

Маълумки, Самарқандда меҳмонхоналар кўп бўлишига қарамай, сайёҳлар кўп келганда ўринлар етишмай қолади. Масалан, 2019 йилда шаҳардаги барча отеллар банд бўлган. Туризм ривожига имконият яратилаётгани, 90 га яқин мамлакат фуқароларига визасиз режим жорий қилингани туристлар оқимини кўпайтирмоқда.

Расмийларга кўра, қурилаётган марказ туристик хабга айланади. Бу ерда халқаро анжуманлар ўтказиш учун ҳам кенг шароит бўлади. Уни 2022 йилда фойдаланишга топшириш мўлжалланган.

Президентга мазкур янги сайёҳлик маркази имкониятлари, туристларга кўрсатиладиган хизматлар ҳақида маълумот берилди. Давлат раҳбари марказ бошқарувини самарали ташкил этиш, туризм соҳасида мутахассислар тайёрлаш бўйича топшириқлар берди.

«Хорижлик сайёҳларга бу лойиҳаларни чиройли тақдим қилиш керак. Лойиҳа битишини кутиш керак эмас, кўп сонли меҳмонлар келишига ҳозирдан тайёргарлик кўришимиз керак. Улар Ўзбекистоннинг шундай салоҳиятини билсин. Нафақат бу ердаги шароит, балки учиб келиб-кетишлари учун аэропорт, логистика бўйича ҳам қулайликлар яратиш лозим», – деди Шавкат Мирзиёев.

Шу ерда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Самарқанднинг туризм инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларини тақдимот қилди.

Самарқанд шаҳрида илк бор гастрономик кўча, Самарқанд тумани “Конигил” маҳалла фуқаролар йиғинида Ўзбекистондаги биринчи туризм қишлоғи ташкил этилди. Бундай масканлар сайёҳларнинг вилоятда қолиш вақтини узайтириш билан бирга, ҳудуд инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолига даромад манбайи яратишга хизмат қилмоқда.

Давлат раҳбари мазкур туристик марказни шаҳар билан боғлайдиган йўл ўтказгични бориб кўрди, Уста Умар Жўрақулов ва Афросиёб кўчаларида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди.

Мавзуга оид