Иш ҳужжатларига кўра, Ҳасан Саматов, Шуҳрат Мусаев, Панжи Ҳайдаров ва Мақсуд Умаржонов Давлат божхона қўмитаси тизимида 2015 йилнинг октябр ойига қадар хизмат қилиб келиб, 2015 йилнинг октябр ва ноябр ойларида пора олиш жинояти билан айбланиб қамоққа олинган.
Терговда уларга тазйиқ ўтказиш ва жисмоний куч ишлатиш йўли билан ноқонуний далиллар тўпланади. Якунда улар ЖИБ Сурхондарё вилоят судининг 2016 йил 3 майдаги ҳукми билан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, жазога ҳукм қилинади.
Орадан 3 йил ўтиб, ЖИБ Сурхондарё вилоят суди кассация судлов ҳайъатида жиноят иши қайта кўрилиб, суднинг 2019 йил 24 октябрдаги ажрими билан 2016 йил 3 майдаги айблов ҳукми бекор қилинади ва собиқ божхоначилар ЖПКнинг 83-моддаси 1-қисмига асосан оқланади.
Реабилитация қилинган собиқ ходимлар Давлат божхона қўмитасига ишга тикланиш масаласида мурожаат қилади.
Қўмита эса уларга ишдан ўз хоҳишлари билан кетганликлари, қўмитада буни асословчи ўзлари ёзиб берган билдиргилари мавжудлигини маълум қилиб, уларни ишга тиклашни рад этади.
Собиқ божхоначилар судларда бу билдиргилар улар тергов ҳибсхонасида бўлган пайтида, қўмита раиси номига «жиноий жавобгарликка тортилгани ва ўз ишига нолойиқлиги сабабли хизматдан бўшатиш тўғрисида» билдирги ёзишларини талаб қилиб, тазйиқ остида санасиз кўринишда ёздирилганини ва кейинчалик ушбу билдиргилар қўмитага юборилиб, уларни ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруққа асос қилиб олингани ҳақида кўрсатма берган.
Оқланган собиқ божхоначилар ЖПКнинг 310-моддасига асосан ишга тиклаш масаласида фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилади.
Иш судда кўрилиб, ФИБ Термиз туманлараро судининг тегишли ҳал қилув қарорларига мувофиқ, собиқ ходимларнинг ишга тиклаш бўйича даъвоси қаноатлантирилади ҳамда ДБҚга ходимларни ишга тиклаш ва улар ишдан бўшатилган кундан то ҳозиргача бўлган даврни уларнинг меҳнат стажига қўшиш мажбуриятини юклайди. Бундай қарорга келишда суд ЖПКнинг 310-моддасига таянади.
Жиноят процессуал кодекси, 310-модда:
Қонунга хилоф равишда ҳукм қилингани, қонунга хилоф равишда қамоққа олингани ёки қонунга хилоф равишда ушлаб турилгани туфайли ишдан (лавозимидан) озод қилинган ёки ишда айбланувчи, судланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниши муносабати билан лавозимидан қонунга хилоф равишда четлаштирилган шахс олдин ишлаган ишига (лавозимига) тикланиши лозим.
Қўмита ушбу ҳал қилув қарорлари устидан апелляция тартибида шикоят киритади.










