Kun.uz'нинг Uzbek.Life лойиҳаси хориждаги ватандошлар билан суҳбатларини давом эттиради. Лойиҳанинг навбатдаги меҳмони – АҚШнинг Иллинойс университети докторанти Икромжон Тўхтасинов.

Икромжон Enseña Chile дастури бўйича Лотин Америкасидаги Чили мамлакатида стажировка ўтаган. Шу боис суҳбатимизни кўпчилик ўзбекистонликларга яхши таниш бўлмаган Чилига бағишлашга қарор қилдик.

– Бакалавриатда Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида, магистратурада эса АҚШнинг Индиана штатидаги Нотрдам университетида ўқидим.

Нотрдам университетида таҳсил олаётган пайтим кўплаб лойиҳаларда иштирок этганман. Хусусан, ўша вақтда турли ташкилотлар билан бирга ишлаб, уларнинг маълум муаммоларини ечишга кўмаклашувчи дастурлар бўларди. Ана шундай дастурлар орқали талабаларни хорижий давлатларга юборишган. Мен иштирок этган лойиҳа таълимга оид бўлгани учун биз Лотин Америкасидаги Чили мамлакатига борганмиз.

Чилида Enseña Chile номли ташкилот бор, бу ташкилот университет битирувчилари малакасини ошириб, мамлакатдаги мактабларга дарс бериш учун жўнатади. Мен ҳам мазкур ташкилотда ишлаб, 3 ой давомида Чилида яшаганман.

Чилида яшаш давомида мактаблардаги таълим тизимини яқиндан ўрганишга муваффақ бўлдим.

«Мактабга қанча маблағ ажратилиши ундаги ўқувчиларнинг моддий аҳволига боғлиқ»

— Таълим тизими давлат бошқарувининг бир қисми сифатида намоён бўлади. Яъни давлат бошқаруви қандайлиги ва ундаги ўзгаришлар таълим тизимига ҳам албатта таъсир қилади.

Чили Конституциясига кўра, мактаб таълими мажбурий ва давлат томонидан молиялаштирилади. Аммо молиялаштириш биз ўйлаган каби тарзда эмас. Чилида қайси мактабга қанча маблағ ажратилиши у ерда ўқиётган ўқувчиларнинг ижтимоий-иқтисодий келиб чиқишига боғлиқ.

Ҳукумат мамлакатдаги тенгсизликни камайтириш учун бой оилалар фарзандлари ўқийдиган мактабларга камроқ, кам таъминланган болалар ўқийдиган мактабларга кўпроқ пул беради. Баъзи ҳолларда бой оилалар фарзандлари ўқийдиган мактабларга маблағ ажратилмаслиги ҳам мумкин. Бу орқали гарчи қийин бўлса-да, улар мамлакатда ижтимоий адолатни ўрнатишга ҳаракат қилишади.