Ўзбекистон | 16:46 / 17.04.2021
1681
2 дақиқада ўқилади

Учкўприкдаги абгор мактаб икки йилдан кейин мукаммал таъмирланиши маълум қилинди

Фото: KUN.UZ

Kun.uz 16 апрел куни «Ошхонанинг ярмини маънавият хонаси қилдик» — Учкўприкдаги абгор мактаб манзаралари» номли танқидий мақола эълон қилган эди.

Унда Фарғона вилоятининг Учкўприк тумани «Бобошбек» МФЙда жойлашган 3-мактаб биносининг абгор ҳолати, таълим масканида спорт зали ва маънавият хонаси йўқлиги баён қилинган эди.

Учкўприк тумани ҳокимлиги муаммога муносабат билдирди.

Унда айтилишича, 2018 йилда мактаб биносининг бир корпусини жорий таъмирлашга смета асосида 22,5 миллион сўм ажратилган. 2019 йилда 30 миллион сўм эвазига бинонинг том қисми таъмирланган. 2020 йилда синф хоналари ҳомийлик асосида комплект парта-стуллар билан таъминланган. Шунингдек, қўшимча ошхонани таъмирлаш ишларига 19 миллион сўм сарфланган.

«Мактаб биносини мукаммал таъмирлаш ва спорт зали қуриш масаласини давлат дастурига киритиш бўйича 2018 йилдан буён мунтазам таклиф бериб келинмоқда. 2020 йилда режалаштирилган жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари пандемия туфайли амалга оширилмаган.

Таъкидлаш жоизки, мактаб биносининг мукаммал таъмирлашга муҳтожлиги, спорт зали ва маънавият хонаси қурилиши, иситиш тизими, таълим масканидаги бошқа шарт-шароитлар туман ҳокими томонидан бир неча маротаба манзилли ўрганилган. Ўрганишлар давомида аниқланган муаммоларни ҳал этиш, мактаб биносини жорий таъмирлаш ва иссиқлик тизимини янгилаш ишлари жорий йил ёзги таътил вақтида амалга оширилиши маълум қилинган. Бунинг учун смета асосида зарур маблағ ажратилган. Шунингдек, маҳаллий бюджет ва ҳомийлар ҳисобидан қўшимча маблағлар шакллантирилган.

Мактаб биноси 2021 йил ёзги таътил вақтида жорий таъмирланиши, 2023 йилда эса давлат дастури асосида мукаммал таъмирланиб, спорт зали ва маънавият хонаси қурилиши маълум қилинади», – дейилади Учкўприк ҳокимлиги расмий муносабатида.

Мавзуга оид