Ўзбекистон | 11:35 / 19.04.2021
3878
2 дақиқада ўқилади

Наманганда “Официант”га шилқимлик қилган безорилар ушланди

Фото: Тергов департаменти

Шу йилнинг 05 апрель куни соат 21:00 ларда 25 ёшли Ғ.И, 24 ёшли Қ.А. ва 22 ёшли Э.Ж. Мингбулоқ тумани “Кичик Жомашўй” маҳалласида жойлашган жамоат жойи ҳисобланган “Водий” умумий овқатланиш ошхонасида уларга хизмат кўрсатаётган 19 ёшли Й.Г.га шилқимлик қилиб, унинг сочидан ушлаб тортган.

Бу ҳолатни кўрган 31 ёшли Б.З. уларни тинчлантирмоқчи бўлганда, Б.З.ни ҳеч бир сабабсиз уриб дўппослаганлар. Уларнинг безорилик ҳаракатлари олдини олмоқчи бўлган 46 ёшли Н.А. ва 27 ёшли С.Б.га қаршилик кўрсатиб, уларни ҳам уриб, пичоқ билан С.Б.нинг сон қисмига жароҳат етказганлар.

Суд тиббий экспертиза хулосасида Б.З. ва Н.А. “енгил” ҳамда С.Б. “ўртача оғир” тан жароҳатлари олгани кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Мингбулоқ туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ғ.И., Қ.А. ва Э.Ж.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “а, г” бандлари (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланганлар.  

Тергов ҳаракатлари жараёнида, Ғ.И., Қ.А. ва Э.Ж. ушбу умумий овқатланиш ошхонасида официант бўлиб ишловчи Й.Г.ни улар билан биргаликда бир столда ўтириб овқатланишга мажбурлаб, турли уятли хатти-ҳаракатлар содир этгани сабабли ушбу жиноят келиб чиққани аниқланган.

Ҳозирда тергов давом этмоқда.

Мавзуга оид