Ўзбекистон | 12:12 / 19.04.2021
3962
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд давлат тиббиёт институтида Халқаро олимпиада бўлиб ўтди

Россия, Белоруссия, Қозоғистон, Украина, Тожикистон, Қирғиз Республикаси ва юртимизнинг қатор олий тиббий даргоҳлари ва институтлари ўқитувчи ва талабалари икки кун давомида Самарқанд давлат тиббиёт институтида ўтказилган “Стоматологияда эстетик реставрациялаш маҳорати” Халқаро олимпиадасида иштирок этди.

Пандемия давридаги маълум чекловларни инобатга олган ҳолда олимпиада офлайн ва онлайн тарзда ўтказилди. Унда 7 давлатдан жами 180 нафар иштирокчи қатнашди.

Халқаро танловнинг очилиш маросимида СамДТИ ректори, профессор Жасур Ризаев, Япониянинг Токай марказий шифохонаси директори, профессор Sakamoto Junichi, Саратов давлат тиббиёт университети, Приволжск тадқиқот тиббиёт университети, Тожикистон давлат тиббиёт университети ректорлари ва бошқа хорижий ва республикамиздаги олий ўқув юртлари ва илмий-амалий марказларининг раҳбарлари табрик сўзлари билан иштирок этиб, талабаларни қўллаб-қувватлашди.

Олимпиада уч босқичда ўтказилиб, ҳар бир иштирокчи тест топшириқлари, олдиндан белгиланган йўналишлар бўйича оғзаки тақдимотлар қилиш ва амалий кўникмаларини намоён этиш каби машғулотларни бажарган ҳолда беллашишди.

Уларни холисона баҳолаш мақсадида ҳар бир босқич учун алоҳида офлайн ва онлайн тарзда ташкил этилган хорижий ва маҳаллий мутахассислардан иборат ҳайъат аъзолари мустақил фаолият олиб боришди.

Олимпиада дастури доирасида “Энг яхши тадқиқот иши” танлови ҳам ўтказилиб, унда мамлакатимиз ва хорижий олийгоҳлар 6 нафар талабасининг илмий-тадқиқот ишлари натижалари тингланиб, ҳайъат аъзолари томонидан холисона баҳоланди.

Олимпиаданинг иккинчи кунида барча ғолиблар ва уларнинг устозлари ташкилотчилар томонидан махсус дипломлар, фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Самарқанд давлат тиббиёт институти ташаббуси билан ўтказилган халқаро талабалар олимпиадаси республикамизда тиббиёт соҳаси учун янги малакали кадрларни кашф этиш, бўлажак стоматолог-шифокорларни замон талабига мос равишда тайёрлаб, таълим ва амалиёт боғлиқлигини янада мустаҳкамлаш, мамлакатимиз тиббиёт олийгоҳларининг дунё етакчи тиббиёт университетлари ва илмий марказлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигини ривожлантириш ишларига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади.

Самарқанд давлат тиббиёт институти матбуот хизмати.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид