Ўзбекистон | 14:46 / 12.09.2020
21264
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд шаҳридаги низоли бино бузилмоқда

Самарқанд шаҳри, Амир Темур кўчасидаги Самарқанд давлат тиббиёт институтининг 800 ўринли янги барпо этилган ўқув биноси олдидаги собиқ қаҳвахона биноси бузилиши бошланди.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, бино шаҳарсозлик талабига жавоб бермайди. 2017 йилда мазкур ҳудуддаги шаҳарсозлик талабларига мос келмайдиган бино ва иншоотлар бузилиши ҳамда эгаларига компенсация тўловлари берилиши кўзда тутилган.

Бироқ, мазкур бинони бузиш ишлари анча вақтдан буён низоли бўлгани сабаб қолдирилиб келинган. Иш жорий йилнинг 3 июнь куни фуқаролик ишлари бўйича шаҳар судининг очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, даъвогар — шаҳар ҳокимлиги фойдасига ҳал этилган. Ҳокимлик, ҳамда Самарқанд вилоят мажбурий ижро бюроси маълумотларига кўра, жавобгар, нотураржой объектининг эгаси В.Элона айни вақтда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлмаганлиги сабабли унинг номига очилган ҳисоб рақамга 640 миллион сўм товон пули ўтказиб берилган.

Ҳолатга Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими бошлиғи ўринбосари Фаррух Ибрагимов ҳам изоҳ берди. Унга кўра, мазкур бино Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг қарори билан шаҳар мажбурий ижро бюроси томонидан бузилмоқда. Нотураржой объектининг эгаси В. Элона айни вақтда хорижда бўлганлиги сабабли унинг номига очилган ҳисоб рақамга товон пули ўтказиб берилган.

Ўзини В.Элонанинг ишончли вакили деб таништирган шахс, Мақсуд Абдужабборов эса бино бузилишини хусусий мулкка тажовуз ҳамда ноқонуний деб билишини маълум қилмоқда. Унга кўра, Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш инспекцияси рухсати билангина ушбу бино бузилиши мумкин.

Шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари эса мазкур собиқ қаҳвахона тарихий бино ҳисобланмаслиги ва бу бўйича тегишли ташкилотларнинг хулосалари мавжуд эканини айтмоқда.

Мавзуга оид