Ўзбекистон | 11:10 / 19.04.2021
7606
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда дори ташиш учун мўлжалланган машинани олиб қочган шахс Кўпкари федерацияси биноси ёнида ЙТҲга учради

Фото: Тергов департаменти

2021 йилнинг 12 апрел куни соат 17:30ларда 19 ёшли Баҳром Т. ўзи ишлайдиган, Тошкент шаҳри, Янгиҳаёт тумани ТҲАЙ кўчасида жойлашган автосервисга таъмирлаш учун олиб келинган, 30 ёшли Вали Х.га тегишли, дори-дармон етказиб бериш учун мўлжалланган “Матиз” русумли автомашинани калит ўт олдириш жойида қолдирилганидан фойдаланиб олиб қочиб кетган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, у пойтахтнинг Чилонзор тумани Бунёдкор кўчасида жойлашган Ўзбекистон кўпкари федерацияси биноси қаршисида бошқарувни йўқотиб, бетон тўсиққа урилган ва ҳодиса жойидан яширинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Янгиҳаёт тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Баҳром Т.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (Транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тезкор-қидирув ҳаракатлари давомида, ушбу жиноятни содир қилган Баҳром Т. аниқланиб, процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид