Жаҳон | 20:52 / 20.04.2021
8105
1 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда уч киши “коронавирусга қарши дамлама”дан заҳарланди. Уни тавсия қилган соғлиқни сақлаш вазирининг истеъфоси талаб қилинмоқда

16 апрел куни Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири Алимқодир Бейшеналиев мамлакатдаги шифокорлар коронавирус беморларини "Иссиқкўл илдизи" ёки жунғор айиқтовони билан даволашаётганини айтганди.

Фото: АКИpress

Қирғизистонда жунғор айиқтовони ўсимлигидан тайёрланган “коронавирусга қарши дамлама”дан уч киши заҳарланди, деб хабар берди 24.kg.

Хабарда айтилишича, заҳарланганларнинг икки нафари Бишкекдаги травматология ва ортопедия илмий-тадқиқот марказининг токсикология бўлимига ётқизилган. Аниқлик киритилишича, дамламани улар ўзлари тайёрлаган.

Аввалроқ яна бир заҳарланган киши Бишкекдаги тез тиббий ёрдам марказига ётқизилгани хабар қилинганди.

16 апрел куни Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири Алимқодир Бейшеналиев мамлакатдаги шифокорлар коронавирус беморларини "Иссиқкўл илдизи" ёки жунғор айиқтовони билан даволашаётганини айтганди.

“Интерфакс”нинг хабар беришича, Қирғизистон парламенти депутатлари Бейшеналиевнинг истеъфога чиқишини талаб қилишмоқда.

Парламент матбуот хизмати вакилининг сўзларига кўра, парламентнинг ижтимоий, таълим, фан, маданият ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича қўмитаси аъзолари ҳукуматга вазирни лавозимидан бўшатиш тўғрисида таклиф киритмоқчи. Душанба куни бу борадаги қарор бир овоздан қабул қилинган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид