Ўзбекистон | 08:28 / 20.04.2021
3559
2 дақиқада ўқилади

Қўқон шамолида синган дарахтлар нега кесиб ташланмаяпти? Мутахассис жавоб берди 

Жорий йилнинг январ ойидаги шамол Қўқон шаҳридаги айрим бино ва иншоотлар, дарахтларга шикаст етказди. Шаҳардаги Озодлик хиёбонида шамолда синган дарахтлар ҳанузгача асраб келинмоқда. Ижтимоий тармоқларда ушбу синган дарахтлар борасида турли хил фикр-мулоҳазалар тарқалмоқда. 

2021 йилнинг январ ойида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ноқулай об-ҳаво ҳукм сурди. 22 январ куни эсган кучли шамол Қўқон шаҳридаги айрим ижтимоий объектлар бино ва иншоотларига жиддий зарар етказди. Шаҳарнинг Озодлик хиёбонидаги бир нечта дарахтлар эса қўқон шамолининг кучидан синиб тушди. Гарчи синган дарахтлар шох-шаббалари тозаланиб ташланган бўлса-да, уларнинг танаси ҳамон асраб келинаётгани ижтимоий тармоқларда турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. 

Kun.uz мухбири мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Фарғона вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Қўқон шаҳар инспекцияси мутахассисларига мурожаат қилди. 

Давлат экология инспектори Ҳалимжон Тўраев Озодлик хиёбонидаги бир нечта дарахтлар, 22 январ куни эсган кучли шамол сабаб касаллангани ортидан синиб тушганини таъкидлади:

«Синган ва синиб тушган дарахтлар Қўқон шаҳар ободонлаштириш бошқармаси томонидан қонунда белгиланган тартибда йиғиштирилиб, кирим қилинган. Ҳозирги кунда хиёбондаги 2 туп синган дарахтимиз жойида турибди», — дейди Х.Тўраев.

Маълум бўлишича, республикамиз қонунчилигида, дарахтларни рухсатсиз кесиш тақиқланган. Шунга асосан синган дарахтлар остидан кесиб ташланмаган. Ушбу ҳолат эса назоратга олинган. 

 Файзулло Султонов тайёрлади.

Мавзуга оид