08:48 / 20.04.2021
3883

Ерларнинг шўрини ювиш ишларини ташкил этиш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинди

Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг шўрини ювиш ишларини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.

Президентнинг 2020 йил 11 декабрдаги «Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш, шунингдек сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида қуйидагилар белгиланди:

  • ерлар шўрини ювиш ишлари Сув хўжалиги вазирлигининг мелиоратив экспедициялари томонидан ишлаб чиқиладиган ва илмий асосланган тавсиялар бўйича мақбул муддатларда ва шўр ювиш нормаларига амал қилган ҳолда амалга оширилади;
  • ерлар шўрини ювиш ишлари ҳар уч йилда камида бир марта амалга оширилади;
  • шўр ювиш ишлари учун сув олиш хизмат кўрсатадиган фойдаланувчи ташкилотлар билан тузилган шартномага мувофиқ ажратилган сув олиш лимити доирасида амалга оширилади ҳамда сувнинг ҳисоби ва ҳисоботи юритилади;
  • шўр ювиш учун берилган сувни коллектор-дренаж тармоқларига ташлаб қўйишга йўл қўйилмайди;
  • сув истеъмолчилари Солиқ кодекси 442-моддаси талабларидан келиб чиқиб, шўр ювиш ишлари учун ажратилган сув олиш лимитидан ортиқча сув олинган тақдирда белгиланган тартибда сувдан фойдаланганлик учун солиққа тортилади.

Қуйидагиларни назарда тутувчи қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди:

  • шўр ювиш ишларини режалаштириш;
  • белгиланган нормаларга мувофиқ шўр ювиш ишларини амалга ошириш тартиби;
  • сувдан фойдаланиш ва сувнинг ҳисобини юритиш тартиби.

Низомга мувофиқ, ҳар йили 1 октябрга қадар Сув хўжалиги вазирлиги томонидан сув ресурслари прогнозларига асосан хизмат кўрсатадиган фойдаланувчи ташкилотларнинг сув олиш лимитлари тасдиқланади. Сўнгра 20 октябрга қадар агрокластерлар, фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи бошқа ташкилотлар билан сув олиш лимитлари асосида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли режалари, шунингдек тегишли шартномалар тузилади.

Ҳар йили 1 ноябрга қадар Сув хўжалиги вазирлиги мелиоратив экспедициялари томонидан ҳудудлар бўйича мелиоратив кадастр ҳужжатлари ишлаб чиқилади. 20 ноябрга қадар сув истеъмолчилари томонидан уларга берилган тавсиялар ва сув истеъмоли режаларига асосан ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишлари режалари ишлаб чиқилади.

Top