14:44 / 23.04.2021
8018

«120 минг гектар экин майдони ноқонуний ажратилган, 11 минг гектар ер ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган» – Бош прокурор

Сенат ўн тўртинчи ялпи мажлисида прокуратура органларининг 2020 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисобот берган Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев ўтган йили 120 минг гектар экин майдонлари ноқонуний ажратилгани, 11 минг гектар ер ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганини маълум қилди.

“Сир эмаски, мамлакатимиз тараққиёти, халқимизнинг тўкис ва фаровон ҳаёти экин майдонларидан оқилона фойдаланишга чамбарчас боғлиқдир. Ўтган йили ўтказилган хатловларда 120 минг гектар экин майдонлари ноқонуний ажратилгани, 11 минг гектар ер ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани, 4 минг гектар ерда бинолар ноқонуний қурилгани аниқланди.

Экин майдонларида ноқонуний қурилган 32 мингдан ортиқ объект буздирилди. 10 минг гектар ер давлат захирасига қайтарилди. Қонунбузарликлар учун чора қўллаш муҳим, албатта. Шу билан бирга, уларнинг туб сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш биринчи галдаги энг устувор вазифамиздир.

Шу боис, ўтказган барча назорат тадбирларимизда масалага жиддий ёндашиб, тизимли камчилик ва қонунбузарликларни бартараф этиш ҳамда президент администрацияси ва ҳукуматга аниқ таклифлар билан 350га яқин ахборотларни тақдим қилдик. Уларнинг аксарияти қабул қилинган қонун ҳужжатларида ўз аксини ҳам топмоқда. Шунингдек, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида 57та қонун ҳужжати, жумладан, 27та қонун, президентимизнинг 17та, Вазирлар Маҳкамасининг 11та ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳалари ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда киритилди», дея Ниғматилла Йўлдошевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ, ҳокимликларнинг ер ажратиш тўғрисидаги қарорлари шаффофлашиши, 2021 йил 1 январга қадар «E-qaror» тизими ишга туширилиши хабар қилинган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2018-2019-йилларда республика бўйича 3900 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани, 6 минг гектар майдонга ноқонуний қурилишлар қилингани, 11 минг гектар ердан самарасиз ва мақсадсиз фойдаланиб келингани аниқланган.

295 нафар мансабдор шахс 2018-2019-йилларда ер қонунчилигини бузиш билан боғлиқ жиноятларни содир қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилгани, уларнинг 119 нафари ёки 40 фоизини ер кадастри ходимлари ташкил этиши маълум қилинган.

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси собиқ раиси Абдушукур Абдуллаев 2020 йил 10 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган «Ҳукумат соати»даги ҳисоботида республика миқёсида 37 700та ҳолатда суғориладиган ерлар ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани, 7 948 гектар экин майдонида уйлар қурилган, боғлар ташкил этилган, айрим фермерлар ўзига фойдаланиш учун берилган ерларни турар жой қуриш учун бошқа фуқароларга сотиб юборишганини очиқлаганди.

Top