19:53 / 23.04.2021
8031

Марказий банк: 5 фоизлик инфляция Ўзбекистон учун энг маъқул кўрсаткич

Айни пайтда Россияда инфляция даражаси 5 фоиз, Қозоғистонда 7 фоиз атрофида, Ўзбекистонда эса 10,9 фоизни ташкил этмоқда.

Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев бугунги Ўзбекистон иқтисодий ҳолати учун неча фоизлик инфляция яхши кўрсаткич бўла олишини айтди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Ҳамроевга кўра, 5 фоизлик инфляция республика иқтисодий самарадорликка эришиши учун нормал кўрсаткич ҳисобланади. 

«Одамларнинг самарали турмуш тарзига таъсир қиладиган иқтисодий ўсиш учун инфляция маълум бир меъёрда бўлиб туриши керак. У бизда неча фоиз бўлиши керак, деган савол берилса, буни аввало, кимлар билан таққослаш кераклигига эътибор қаратилади.

Биринчи ўринда асосий савдо ҳамкорларингиз билан солиштириб кўришингиз лозим. Бизнинг асосий савдо ҳамкорларимиз Россия, Қозоғистон, Хитой, Корея давлатларидир. Масалан, Россияда пандемия даврида йиллик инфляция 5 фоиз атрофида кўтарилган бўлса, ундан аввал 4 фоиз бўлган. Қозоғистонда ҳам 4-6 фоиз атрофида бўлган. Ҳозирда 7 фоиз.

Ўйлайманки, Ўзбекистонда 5 фоизлик инфляция даражаси энг маъқул кўрсаткич бўлади. Бу савдода ҳам, ишлаб чиқаришда ҳам самарадорликни таъминлашга ёрдам беради.

Энди 5 фоизга қандай қилиб эришамиз, дейилса, бу бўйича прогнозларимиз ўтган йили эълон қилинган. 2023 йил охирида 5 фоизга эришиш чораси кўрилади.

Марказий банкнинг мақсади инфляцияни 5 фоизга тушириш. Лекин буни кейинги йилда ҳам бу даражага тушириш имконияти бор, ҳаракат қилиш мумкин. Аммо иқтисодий ўсиш ва фаолликни, иш ўринлари ва даромадларнинг сақлаб қолинишидаги мувозанатни таъминлаш зарур. Шу боис инфляция даражасини кўзланган фоизга тушириш учун 2023 йил белгиланган», деди Беҳзод Ҳамроев Марказий банк бошқаруви йиғилиши якунига оид матбуот анжуманида.

Аввалроқ, 2021 йилнинг март ойида йиллик инфляция ўсиш суръати 10,9 фоизга етгани хабар қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, феврал ойида инфляция даражаси 0,6 фоизни, йиллик инфляция эса 11,4 фоизни ташкил этганди.

Марказий банк 2021 йилда инфляция даражаси 9–10 фоиз бўлишини прогноз қилган.

Top