Ўзбекистон | 10:07 / 23.04.2021
4535
1 дақиқада ўқилади

Японияда яна карантинга қайтилмоқда

Япония ҳукумати коронавирус билан боғлиқ вазият оғирлашгани сабабли пойтахт Токио ва мамлакатнинг учта префектураси: Осака, Киото ва Хёгода фавқулодда вазият режимини киритишга қарор қилди. Япониянинг иқтисодиётни тиклаш бўйича вазири Ясутоси Нисимуранинг маълум қилишича, карантин 25 апрелдан 11 майгача давом этади.

Фото: Reuters

«Ўтган йил баҳоридаги каби биз фуқаролардан уйда қолишни ва заруратсиз кўчага чиқмасликни сўраб қоламиз», — деб айтган Нисимура. Унинг таъкидлашича, чекловлар коронавируснинг янги мутациялари тарқалиши билан боғланган.

Ҳукумат, шунингдек, йирик дўконлар ва тамаддихоналар эгаларига ўз фаолиятларини тўхтатиб туришни тавсия қилган. Бундан ташқари, оммавий тадбирлар ўтказилиши тақиқланади. Автобус ва поездлар иш кунлари ҳаракатни эртароқ тугатади, дам олиш кунлари эса рейслар сонини қисқартириш режалаштирилган.

Япониянинг бир нечта ҳудудида 7 январдан бошлаб фавқулодда вазият режими амал қилиб келган. Токиода карантин 22 мартгача давом этган. Бироқ у бекор қилиниши биланоқ коронавирусга чалиниш ҳолатлари яна кўпая бошлаган.

Охирги маълумотларга кўра, Японияда коронавирусга чалинганлар сони 553 мингдан ошиб кетди, унинг қурбонлари сони 10 мингга яқинни ташкил қилмоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид