Жаҳон | 15:22 / 25.04.2021
6876
10 дақиқада ўқилади

Туркияда эпидемия чекловлари етарлича самара бермаяпти. Мамлакат учинчи локдаунда

Туркия коронавирус эпидемиясига қарши чора-тадбирлар кўриш ва учинчи ёпилиш даврини бошдан кечирмоқда.

Фото: AFP

Президент Ражаб Тоййиб Эрдўған Рамазоннинг дастлабки икки ҳафтасида «қисман ёпилиш» амалга оширилишини айтди.

2020 йил март ва ноябрь ойларида Туркия турли чораларни қўллаган ҳолда, эпидемия тизгинини қўлга олишга ҳаракат қилган эди. Кўрилган ушбу чоралар 2020 йил ёзининг бошида ва 2021 йилнинг мартида юмшатила бошланди.

Бироқ 2020 йил апрель ойида кўрилган баъзи чоралар юмшатиш даврларини ўз ичига олган ҳолда, қарийб бир йилдирки ҳамон амалдалигича қолмоқда.

65 ёшдан ошганларга комендантлик соати жорий этилиши, саёҳат рухсатномалари, спорт ўйинларининг томошабинларсиз ўтказилиши, таълимнинг асосан масофавий тарзда олиб борилиши, барлар ёпилиши каби чора-тадбирлар шулар жумласидандир.

Ҳукумат сўнгги пайтлардаги ҳолатлар сонининг ортишини кўрилган чораларга етарли даражада амал қилинмагани билан изоҳламоқда. Расмий баёнотларда жамоатчилик чораларга бўйсуниши кераклиги, акс ҳолда эпидемия давом этиши ҳақида огоҳлантирилмоқда.

Туркияда ошкор қилинган сўнгги маълумотлар кунлик ҳолатлар 60 мингдан ошганини, 250дан юқори ўлимлар сони ҳам рекорд даражага яқинлашиб қолганини кўрсатмоқда.

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ташкилотлар ва баъзи олимлар кўрилаётган чоралар етарли эмаслиги ва мамлакат «тўлиқ ёпилиш»га киришиши кераклигини таъкидламоқда.

Бундан ташқари, кўрилган чоралар аниқ етказилмаётгани, бу эса чалкашликларни келтириб чиқараётгани учун ҳукумат танқид остига олинмоқда. 

Хўш, Туркиянинг пандемияга қарши бир йиллик кураши мобайнида қандай чоралар кўрилди?

Кунлик ҳолатларнинг ўртача ҳаракати
11 март, 2020 – 28 июль, 2020

Манба: Соғлиқни сақлаш вазирлиги / BBC

2020 йил март-апрель – илк чора-тадбирлар даври

Туркия 2019 йил декабрь ойи охирида Хитойнинг Уҳан шаҳрида пайдо бўлган янги турдаги коронавирус дунёнинг турли нуқталарига тез суръатларда тарқалиши ортидан чекловлар жорий этган илк мамлакатлардан биридир.

Туркия 2020 йил февраль ва март ойидаги дастлабки босқичда ҳолатлар сони кўпайган мамлакатларга саёҳатларни тўхтатди ва мамлакат ташқарисидан махсус чартер рейслар билан келтирилганларни карантинга олди. Январ ойида эса Илмий қўмита ташкил этилди.

Туркияда биринчи ҳолат 2020 йил 11 март куни аниқланди, биринчи ўлим эса 17 мартда содир бўлди.

Март ойининг охирига келиб, ҳолатлар сони аввалига мингдан, қисқа вақтдан сўнг эса 2 мингдан ошди. Касалликлар сони тез ўсиб боргани туфайли ҳукумат март ва апрель ойларида «ижтимоий ҳаракатчанлик»ни камайтириш бўйича бир қатор чекловларни жорий этди.

Қабул қилинган чораларни тарғиб этиш мақсадида «Уйда қол» («Evde Kal») ва «Ҳаёт уйга сиғади» («Hayat Eve Sığar») каби кампаниялар ташкил этилди.

Ушбу даврда аввал мактаблар таътилга чиқди, сўнг масофавий таълимга ўтилди, спорт ўйинларини томошабинларсиз ўтказишга қарор қилинди, давлат секторида мослашувчан иш тартиби жорий этилди. Хусусий сектордаги кўплаб компаниялар ҳам уйдан ишлаш тизимига ўтди.

Саёҳатлар билан боғлиқ тадбирлар доирасида халқаро рейслар тўлиқ тўхтатилди ва шаҳарлараро қатновлар ҳокимият рухсати билан амалга оширилди. 30та катта шаҳар ва ўпка касалликлари тез-тез учрайдиган Зонгулдакка кириш ва чиқиш тақиқланди.

Ёпиқ жойларда ниқоб тақиш мажбурий этиб белгиланди ва оммага бепул ниқоблар тарқатилди.

Бундан ташқари, гўзаллик салонлари, сартарошхоналар, театр ва кинотеатрлар, ресторанлар, тунги клублар, барлар, спорт заллари каби жойлар ёпилди, савдо марказларининг иш соатлари ҳам чекланди. Туркиянинг энг йирик шаҳри Истанбулда жамоат транспортидан фойдаланиш 80 фоизга тушди.

Ушбу даврда Туркияда ёш гуруҳларига кўра чекловлар ҳам амалга оширила бошлади. 65 ёшдан катта ва 20 ёшгача бўлганларга кўчага чиқиш тақиқланди.

Жума намозини жамоат бўлиб ўқиш тўхтатилди.

Ҳукумат ушбу даврда ҳафта охирларида комендантлик соатини жорий этди ва 2020 йил май ойининг якунида 31 шаҳарда дам олиш кунлари комендантлик соати амал қила бошлади.

2020 йил июнь ойида чекловларнинг катта қисми бекор қилинди.

Шаҳарлараро саёҳат ва халқаро рейслар қайта тикланди. Ресторан, кафе ва савдо марказлари гигиена чораларини кўрган ҳолда яна иш бошлади.

65 ёшга тўлган ва 20 ёшгача бўлганларни қамровчи комендантлик соати юмшатилди. Бундан ташқари, чекловлар қўлланиладиган ёш гуруҳи 20 ёшдан 18 ёшга туширилди.

Кунлик беморларнинг ўртача ҳаракати
29 июль, 2020 – 24 ноябрь, 2020

Манба: Соғлиқни сақлаш вазирлиги / BBC

2020 йил ноябрь – иккинчи чора-тадбирлар даври

Туркияда ёз ойларида чора-тадбирлар юмшатилган бўлишига қарамай, кунлик ҳолатларнинг пасайиш тенденцияси кузатилди.

Июль ойи охирида Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус маълумотларини очиқлашни ўзгартирди ва ҳолатлар сонининг ўрнига PCR тестининг натижаси мусбат чиққан ва симптомлар кузатилганларни «бемор» деб тавсифлай бошлади.

Шунга қарамай, октябрь ойининг охиридан бошлаб беморлар сонида ортиш кузатилди. Ҳукумат яна бир бор чеклов чораларини қўллади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам ноябрь ойининг охиридан бошлаб кунлик жадвалларга ҳолатлар сонини киритди.

Ноябрь ойи ўрталарида қабул қилинган чеклов чоралари доирасида ресторан, кафе, савдо марказлари, бозорлар, сартарошхоналарнинг иш вақти чекланди. Ресторан ва кафеларни кечки соатларда ёпишга ва фақат етказиб бериш хизматини йўлга қўйиш бўйича қарор қабул қилинди.

Ушбу даврда қабул қилинган қарорларга мувофиқ, декабрь ойининг бошидан эътиборан иш кунлари соат 21:00дан 05:00гача чекловлар ўрнатилди, дам олиш кунлари эса комендантлик соати жорий этилди.

Таъзия ва дафн маросимларида иштирок этадиган одамлар сони чекланди. Контактларни кузатиб бориш мақсадида савдо марказлари каби жойларга киришда Hayat Eve Sığar (HES) дастуридан олинган HES кодини кўрсатиш амалиёти бошланди.

Декабрь ойи охирида чет элдан келганлардан 72 соат олдин олинган манфий PCR тестини талаб қилиш тизимига ўтилди. Бундан ташқари, ушбу даврда янги штаммлар аниқланган ва ҳолатлар сони кўп бўлган Буюк Британия, Жанубий Африка ва Бразилия каби мамлакатлардан кириш рейслари тўхтатилди.

Янги ҳолатлар эълон қилиниши бошланган ноябрь ойининг охирида 30 минг атрофида бўлган кунлик ҳолатлар сони кўрилган чоралар натижасида декабрнинг иккинчи ярмида 20 мингдан, январ ойи бошида эса 10 мингдан пастга тушди. Ушбу даврда кунлик қурбонлар сони 100 кишидан оз бўлиб, бу кўрсаткич пандемия бошидан бери энг паст даражага тушди.

Ҳукумат ҳолатлар ва ўлимлар сони, шунингдек, касалхоналарнинг бандлик даражасини ҳисобга олиб, февраль ойидан эътиборан чекловларни юмшатиш бўйича иш бошлади. Март ойининг бошида «тўғри қарор» деб номланган жараёнга ўтилди.

Бунга кўра, Туркиядаги вилоятлар кунлик ҳолатлар сони, касалхоналарнинг бандлик даражаси, оғир беморлар ва ўлимлар сони каби бир қатор мезонларни ҳисобга олган ҳолда тўрт хил хавф гуруҳига ажратилди. Ҳар бир мезон учун алоҳида чекловлар қўлланиши режалаштирилди.

Чекловларнинг юмшатилиши ва баъзи партиялар, хусусан, Адолат ва тараққиёт партиясининг қурултойлари ёпиқ жойларда, кўп одамлар иштирокида ўтказилиши ва Наврўзни нишонлашга рухсат берилиши ортидан ҳолатлар сони ҳам кескин ошиб кетди.

Март ойида ҳолатларнинг кунлик ўсиши яна аввалига 10 минг, кейин эса 20 минглик чегарадан ўтди, кунлик ўлимлар сони ҳам 200дан ошди.

Кунлик ҳолатларнинг ўртача ҳаракати
25 ноябрь, 2020 – 22 апрель, 2021

Манба: Соғлиқни сақлаш вазирлиги / BBC

2021 йил апрель – учинчи чора-тадбирлар даври

Апрель ойига келиб, кунлик ҳолатлар сони 40 мингдан ошди ва рекорд даражага чиқди.

Шундан сўнг ҳукумат яна бир бор чеклов чораларини кўришга мажбур бўлди.

Соғлиқни сақлаш вазири Фахриддин Хўжа эпидемиянинг яна авж олишига сабаб сифатида халқнинг кўрилган чораларга риоя қилмаслигини кўрсатди.

«Ҳолатларнинг кўпайишига ҳаммамиз – 84 миллион инсон айбдормиз», деди у.

Ушбу баёнотдан бир кун ўтгач, сешанба куни президент Эрдўған бошчилигидаги йиғилишда яна ноябрдаги каби чеклов чоралари эълон қилинди.

Эрдўған «қисман ёпилиш» деб таърифлаган ушбу даврда ноябрь ойидаги чора-тадбирларга қўшимча сифатида давлат секторида иш вақти қайта ташкил қилинди ва 2020 йилнинг мартидаги каби мослашувчан иш тизимига ўтилди. Баъзи бир хусусий компаниялар ҳам иш вақтини қайта ташкил этди.

Баъзи янги чоралар вилоятлар кесимида эмас. Яъни улар бутун мамлакат бўйлаб амал қилади. Бу доирада комендантлик соати узайтирилди – бошланиш вақти соат 21:00дан 19:00га ўзгартирилди. Ушбу амалиётни ҳафта охирида ҳам давом эттиришга қарор қилинди. Шунингдек, ушбу соатлар орасида шаҳарлараро саёҳатлар ҳам баъзи истиснолар билан тақиқланди.

Ресторанлар, кафелар, спорт заллари, гўзаллик марказлари, маҳаллий ва кўнгилочар марказлар ёпилди. Ресторанлар яна етказиб бериш хизматига ўтди.

Шаҳар ичидаги жамоат транспорт воситаларига сиғим чекловлари белгиланди. 65 ёшдан катта кишиларга жамоат транспортидан фойдаланиш яна тақиқлаб қўйилди.

Мазкур чекловлар икки ҳафта давомида амалда бўлиши маълум қилинди.

Отабек Тиллаев
Тайёрлаган Отабек Тиллаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид