08:33 / 26.04.2021
10914

Ҳукумат иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида қарор қабул қилди

 Вазирлар Маҳкамаси “Илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.

Ҳужжат Президентнинг "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида" 2021 йил 3 февралдаги фармонига мувофиқ қабул қилинган.

Қарор билан давлат дастурининг 166-бандига мувофиқ қуйидагилар:

  • ҳудудларда илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, нуфузли илмий мактабларни шакллантириш, улар илмий салоҳиятини ошириш, соддалаштирилган тартибда ёшларнинг илмий ва стартап лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида илмий дастурни амалга ошириш учун илмий фаолиятга оид давлат дастурлари маблағлари ҳисобидан 50 млрд сўм маблағ йўналтирилиши;
  • ёшлар учун эълон қилинадиган стартап лойиҳалари танлови талабларининг соддалаштирилган тизими ишлаб чиқилиши;
  • 2021 йилдан бошлаб иқтидорли ёшлар ўртасида "Академик ҳаракатчанлик" дастури ва "Бўлажак олим" танлови ташкил қилиниши;
  • иқтидорли ёшлар илмий ғояларини рағбатлантириш, уларнинг хорижий университетлар ва илмий марказларга қисқа муддатли стажировкалари ташкил этилиши ва бошқалар назарда тутилгани маълумот учун қабул қилинди.

Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • "Академик ҳаракатчанлик" дастури доирасида республикадаги ёш олимлар ўртасида танловларни ташкил қилиш муддати ва тартиби, лойиҳаларга қўйилган талаблар, лойиҳаларни кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ фаолиятини ташкил этиш, лойиҳаларни кўриб чиқиш, танлаб олиш ва амалга ошириш, шунингдек, уларни молиялаштириш ва мониторингини юритиш тартибини назарда тутувчи "Академик ҳаракатчанлик" дастурини шакллантириш, амалга ошириш, молиялаштириш ва мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги низом;
  • илмий ғоя, илмий ва стартап лойиҳаларни шакллантириш ва уларни кўриб чиқиб, танлаб олиш, танлов комиссияси фаолиятини ташкил этиш, лойиҳаларни молиялаштириш ва мониторинг қилиш тартибини назарда тутувчи "Бўлажак олим" танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом;
  • ёш олимларнинг етакчи илмий ташкилотларда қисқа муддатли илмий стажировкалар ўташи тартиби тўғрисидаги низом.

Ҳужжат билан "Академик ҳаракатчанлик" дастурини амалга ошириш, шунингдек "Бўлажак олим" танловини ташкил этиш ва ўтказиш харажатларини молиялаштириш манбалари белгиланди.

Инновацион ривожланиш вазирлигига қуйидагилар топширилди:

  • 2021 йилдан бошлаб ҳар йили камида бир маротаба республикадаги илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшлар ўртасида "Бўлажак олим" ва "Академик ҳаракатчанлик" дастури доирасида танловлар ташкил этиш;
  • иқтидорли ёшларни хорижий олий таълим муассасалар ва илмий ташкилотларга қисқа муддатли стажировка ўташга даврий равишда, танлов асосида, ҳар йили камида бир маротаба юборишни ташкил этиш ва бошқалар.
Top