Ўзбекистон | 21:14 / 27.04.2021
5470
3 дақиқада ўқилади

Иқтисодий зоналар инфратузилмасини яхшилаш учун 1,6 триллион сўм ажратилади

Президент Шавкат Мирзиёев 27 апрель куни эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.

«Бугунги кунда мамлакатимизда 23та эркин иқтисодий ва 348та кичик саноат зонаси фаолият юритмоқда. Эркин иқтисодий зоналарда умумий қиймати 2,6 миллиард долларлик 453та лойиҳа амалга оширилиб, 36 мингга яқин иш ўрни яратилган. Кичик саноат зоналарида эса 5 триллион сўмлик 1 минг 497та лойиҳа ишга туширилиб, 36 мингдан зиёд кишининг бандлиги таъминланган», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Шу билан бирга, бу ҳудудларда ҳали имкониятлар кўп. Шу мақсадда бугун давлатимиз раҳбари «Махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарор қабул қилди. Қарорга мувофиқ, жорий йилда эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари инфратузилмасини яхшилаш учун 1 триллион 600 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланди.

Хусусан, 17та эркин иқтисодий зонада қўшимча электр энергияси, газ, ичимлик суви ва оқова сув тармоқлари ҳамда автомобиль йўлларини барпо этиш учун 584 миллиард сўм, 145та кичик саноат зонаси учун 395 миллиард сўм йўналтирилади.

Йирик инвестиция лойиҳаларини инфратузилма билан таъминлаш мақсадида 232 миллиард сўм кўзда тутилган. Ривожланишдан ортда қолган 33та туманда саноат ва бизнесни жадал ривожлантириш учун 264 миллиард сўм ажратилади.

Мутасаддиларга мазкур маблағларни ажратиш ва мақсадли ишлатилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш бўйича кўрсатма берилди.

Йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев эндиги энг муҳим масала эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналаридаги лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш эканини таъкидлади.

Жорий йилда эркин иқтисодий зоналарда умумий қиймати 1,1 миллиард доллар бўлган 332 та лойиҳа, кичик саноат зоналарида умумий қиймати 9,5 триллион сўм бўлган 1 минг 800та лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилган.

Мутасаддилар мазкур лойиҳалар юзасидан ҳисобот берди. Бу лойиҳалар юртимизда саноатни янада ривожлантириш, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришда муҳим омил бўлиши қайд этилди.

Йиғилишда эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарида янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид