16:49 / 27.04.2021
5851

Жанубий Корея раҳбаридан Samsung вице-президентини афв этишни сўрашди

Аввалроқ мамлакатдаги бошқа жамоат ташкилотлари президент Мун Чжэ Инга ана шундай мурожаат билан чиққан.

Фото: EPA

Жанубий Корея компанияларининг бешта бирлашмаси мамлакат президенти маъмуриятига коррупция иши бўйича қамалган Samsung Electronics вице-президенти Ли Чжэ Ённи афв этишни сўраб мактуб йўллади. Бу ҳақда Yonhap агентлиги хабар бермоқда.

 "Жанубий Кореянинг яримўтказгичлар ишлаб чиқарувчилари янги хатарлар ва мураккаб вазиятга дуч келмоқда. Агарда компания раҳбари йўқлиги учун инвестициялар ва бошқа муҳим масалалар бўйича қарорлар ортга суриладиган бўлса, мамлакат яқин кунларда ўзининг биринчилик мақомидан маҳрум бўлиши мумкин", - дейилади жамоавий мурожаатда.

 Агентликнинг қайд этишича, Samsung Electronics компанияси хотира микросхемалари ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи ҳисобланади ва яқин вақтгача АҚШда янги завод қуришни режалаштирганди.

 Мурожаатни Жанубий Корея савдо-саноат палатаси, тадбиркорлар иттифоқи, яримўтказгичлар ишлаб чиқарувчилар бирлашмаси, халқаро савдо ассоциацияси ва ўрта бизнес компаниялари бирлашмаси вакиллари имзолаган.

 Хабарда айтилишича, аввалроқ мамлакатдаги бошқа жамоат ташкилотлари президент Мун Чжэ Инга ана шундай мурожаат билан чиққан.

 18 январ куни Samsung Electronics вице-президенти ва Samsung Group компаниялар гуруҳи раҳбари Ли Чжэ Ён коррупция иши қайта кўриб чиқилиши доирасида икки ярим йилга қамалганди. У 2022 йил июлида озодликка чиқади. Ли Чжэ Ён Samsung концернининг собиқ раиси Ли Гон Хининг ўғли ва компания асосчиси Ли Бён Чхолнинг набирасидир.

Top