Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қайнотасини 50 минг долларга чув туширган шахс 10 йилга қамалди
Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди судьяси Бобомурод Каримов раислигида кўриб чиқилган суд ишида бунга қадар ҳам 3 марта судланишга улгурган шахс кекса қайнотасини ҳам алдаб кетгани учун панжара ортига равона бўлди.
35 ёшга киргунича 3 марта судланган, яна ҳар сафар Жиноят кодексининг 169-моддаси турли бандларига кўра жазога тортилган Рустам Хуррамов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳамиша қамоққа боғлиқ бўлмаган енгил жазолар билан қутулиб чиқишга муваффақ бўлган. У бу сафар пойтахтда ўз уйидан жой берган қайнотасини чув туширишга қарор қилди.
Бунинг учун жуда осон йўл танлади ва қайнотасининг ишончига кириб, унинг номида бўлган хонадонни сотиш йўлларини излай бошлади. Дарҳол хизматга шай маклер ҳам, арзонроққа олувчи, лекин ортиқча савол бермай пулни нақд сановчи харидор ҳам топилди. Шундан кейин Рустам Хуррамов қайнотасига унинг номидаги хонадонни нақд 50 минг АҚШ долларига сотиб бераётганига, фақат пулни нотариусда олди-сотди шартномасини имзолаб чиқишлари билан олишига ишонтирди.
Аммо харидор билан унинг келишуви бошқача эди – уй 40 минг долларга сотилган, олувчи пулни Рустам Хуррамовга нотариусга киришдан олдин берадиган бўлганди. Шундай бўлди ҳам. Куёвига ишонган кекса инсон уйни нотариал тартибда расмийлаштириб берди. Аммо куёв пул тез орада бўлишини айтиб жуфтакни ростлади ва пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборди.
Кейинчалик, у тутиб келинганида ўз уйидан жой берган қайнотаси кун бермагани, атайлаб жанжаллашиб, яшашга қўймагани учун ўч олиш нияти бўлганини айтди.
Вазият жиддийлаша бошлаганини, бу сафар реал қамоқ жазосига дучор бўлишини ҳис қилган Рустам Хуррамов ўз қилмишига астойдил пушаймонлигини, имкон берилса бу пулларни ишлаб топиб беришини билдирди. Суд ҳукмига кўра Рустам Хуррамов 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Мавзуга оид
08:54
Ҳиндистонда суд можароси: AI тўқиб чиқарган қарорлар ишда асос бўлган
11:52 / 03.03.2026
Сурхондарёда ноҳақ айбланганини айтган ёлғиз онанинг иши кассацияда ўзгартирилди
14:19 / 27.02.2026
Тошкент вилояти боғчаларидаги оммавий заҳарланиш билан боғлиқ ишда 11 киши судланмоқда
12:20 / 27.02.2026