Европанинг қатор давлатларида ҳуқуқ институтлари, черков, яъни дин ҳуқуқлари асосида шакллана бошлаган. Кейинчалик бу жараёнда қатор демократик ислоҳотлар натижасида инсон ҳуқуқлари – адолат ҳуқуқига ўтилди ҳамда унга содиқ қолинди. Францияда эса бир қанча вақт фуқаро ҳуқуқига устуворлик берилди-ю, лекин оқибат бунинг хатолиги сабаб... тезда инсон ҳуқуқларига қайтилди.
Хуллас, Европа ва океанорти диёрларида, йиллар давомида «адолат ҳуқуқи – инсон ҳуқуқи» шаклланиб борди. Қонунчилик ҳам шу асосда қурилди, ҳукумат ҳам шу тамойил асосида ишлади, одил судлов ҳам шу тарзда фаолият юритди ва халқ ишончига эришди. Сабабки, адолат (инсон) ҳуқуқлари одил судловда таъминланади.
Бизда эса бир неча 10 йиллар давомида «фуқаро ҳуқуқи»га устуворлик берилди, адолат ҳуқуқидан узоқлашдик, дин ва диёнатни ҳуқуқдан йироқлаштирдик. Фахрий фуқаро бўлишга ошиқдик, гражданлик ҳуқуқи деб баландпарвоз гапларга ишониб юрдик, ўз эътиқодимиз, динимиз, анъана-одатимиз, қадриятларимизни хавф остига қўйдик. Ўз тилимиз ҳурматини орттиришни шараф билиш ўрнига, бошқа тилда гапиришни ўзимизга обрў билдик, она тилини эмас, «ўша» тилни билмаганларга паст назар билан қарадик, яқин-яқингача шу тилни билганларни давлат идораларида ишга олишга ҳам имтиёзлар бериб келдик, уларга бошқа тилда ишлаш устуворлик берди.
Нима учун?! Чунки фуқаро ҳуқуқига муккасидан кетдик, инсон ҳуқуқини четга сурдик, адолат ҳуқуқи ҳақида гапиришга ҳам қўрқдик...
1989 йилда қабул қилинган «Тил тўғрисида»ги қонунни бизнинг ўзимиз ҳар кун, ҳар дақиқа, ҳар сония буздик, бузмоқдамиз, тепкиладик. Биз бу борада Навоий ишончини оқламадик, ҳатто ўзга тилнинг бутун бошли грамматикасини яратган буюк аждодимиз Замахшарийга муносиб бўла билмадик.
Истиқлолнинг илк йилларида қабул қилинган «Виждон эркинлиги тўғрисида»ги қонунга эса амал қилмадик. Диний бағрикенглик дея баландпарвоз шиорларни айтдик, лекин қора рўйхатни шакллантирдик, эътиқод қилган кишига ола қараш қилдик, ўзимиздан ўзимиз душман ясадик. Бухорий, Термизийлар, Мотуридий, Нақшбанд, Насафийлар каби буюк аждодларимизга муносиб бўла олмадик.
Сўз-фикр эркинлиги таъминланмоқда, цензура бизда йўқ дедик, аммо амалда акси бўлди. Беҳбудий, Қодирий, Фитратдан оғиз кўпиртириб кўп гапирдик, лекин уларнинг муносиб вориси бўла олдикми?..
Мажбурий меҳнатга ёпишиб олдик, ёшлар – ўқувчилар, талабалар ҳамда ўқитувчи, домла, тиббиёт соҳаси ходим ва ходималари мажбурий меҳнатнинг асосий субъекти бўлди. Пахта «умуммиллий ҳаракат»га айланди.
Юртимизда инсон ҳуқуқлари – адолат ҳуқуқи устувор, инсоннинг яшаш, кўчиб юриш ҳуқуқи – улар қадриятимизга айланган дедик, бироқ ўз юртдошларимизга, ўз юртимизнинг айрим ҳудудларида рўйхатга ўтишга чеклов ўрнатдик.
















