Ўзбекистон | 18:35 / 28.04.2021
2862
2 дақиқада ўқилади

Абдулазиз Комилов ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси делегациясини қабул қилди

ЕХҲТ вакиллари кўтарган асосий масала Ўзбекистонда кутилаётган президент сайлови ва демократик ислоҳотлар ўтказишга доир тавсиялардир.

Бугун, 28 апрель куни Ташқи ишлар вазирлигида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Маттео Мекаччи бошчилигидаги делегация Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов томонидан қабул қилинган.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, ЕХҲТ вакиллари кўтарган асосий масала Ўзбекистонда кутилаётган президент сайлови ва демократик ислоҳотлар ўтказишга доир тавсиялардир.

Абдулазиз Комилов Маттео Мекаччини ташриф билан қутлар экан, Ўзбекистон диний эркинликлар таъминлаш, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни йўқотиш борасида олдинга силжишлар қилаётгани ҳақида гапирди.

Маттео Мекаччи бу унинг Ўзбекистон ва Марказий Осиёга илк ташрифи эканлигини таъкидлади. Унинг айтишича, ЕХҲТ ва Ўзбекистон гиёҳвандлик ва одам савдоси, терроризмга қарши кураш каби кўплаб соҳаларда доимо ҳамкорлик қилиб келади. Унинг бу галги ташрифи ҳам муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади ва ташкилот Ўзбекистондаги сайловларга доир таклифларини расмийлар билан учрашувда билдириб боради.

Маттео Мекаччи бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда 1 майга қадар бўлади. ЕХҲТ делегацияси 30 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилиниши кутилмоқда. Ташриф дастуридан яна Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Марказий сайлов комиссияси, Олий суд, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ва бошқа вазирлик ҳамда идораларда учрашувлар ўтказилиши ўрин олган. 

Мавзуга оид