Ўзбекистон | 20:14 / 28.04.2021
5548
1 дақиқада ўқилади

Импорт-экспорт қилинувчи мева-сабзавот ва ўсимликларнинг лаборатория экспертизаси пулли бўлди

1 майдан эътиборан, импорт ва экспорт қилинувчи мева-сабзавот ва ўсимлик маҳсулотларини лаборатория экспертизасидан ўтказишда ҳар бир намуна учун 88 563 сўм миқдорида тўлов жорий этилади.

Фото: Getty Images

Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Дурдона Очилова брифинг ўтказди.

Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Ўзбекистонга импорт бўлувчи ҳамда экспорт қилинувчи мева-сабзавот ва ўсимлик маҳсулотларини лаборатория экспертизасидан ўтказиш хизмати расман пулли этиб белгиланди.

Унга кўра, лаборатория хизматлари нархида ҳар бир намуна учун 88 563 сўм миқдорида тўлов жорий этилиб, ушбу нархга кимёвий реактив ва бир марталик ишлатиладиган маҳсулотлар нархи алоҳида ҳисоблаб қўшилади. Тўлов шартнома асосида амалга оширилади.

Лаборатория таҳлиллари ва экспертизалари ишончлилигини таъминлаш ҳамда фитосанитария ҳолатини яхшилаш мақсадида Марказий карантин лабораторияси ташкил этилган.

Шу билан бирга, 6та вилоятда (Андижон, Фарғона, Хоразм, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент вилоятлари) стационар карантин лабораториялари ташкил этилган ва миллий аккредитациядан ўтказилган.

Аввалроқ, Ўзбекистонга олиб кириладиган ва унинг ташқарисига олиб чиқиладиган ўсимликлар карантини назоратидаги маҳсулотлар рўйхатига ўзгартиришлар киритилганди.

Мавзуга оид