Ўзбекистон | 08:22 / 28.04.2021
2829
2 дақиқада ўқилади

Лангарда ваъда қилинган «столбалар» қачон ўрнатилади?

Фото: KUN.UZ

Kun.uz сайтида «Қишлоқда бир кун» рукнида «Тонг саҳардан ўтин тергани зовур бўйига — Қўштепанинг Лангарида ўтган бир кун» сарлавҳаси остида мақола эълон қилинган эди.

Унда Қўштепа тумани Лангар маҳалласида истиқомат қилувчи аҳолининг турмуш манзаралари, ҳаёти ва кундалик юмушлари акс эттирилган бўлиб, қишлоқдаги чириб битган «столба»лар, ичимлик суви ҳамда табиий газ билан боғлиқ муаммолар атрофлича ёритилган эди. 

Тандиқий мақола эълон қилингандан кейин видеолавҳада акс этган «Лангар» МФЙ Мардлик кўчаси, 10-уйда яшовчи Шоира Холиқованинг хонадонига ҳокимлик ҳамда савоб умидида бўлган юртдошларимиз томонидан ёрдам кўрсатилди. Хонадоннинг кўча деворлари таъмирлаб берилди.

Маҳалла аҳлининг Kun.uz мухбирига берган маълумотига кўра, чириб битган ёғоч «столба»нинг биттаси ўша пайтдаёқ янгисига алмаштирилган, лекин тармоққа уланмай қолиб кетган. Мутасаддилар авария ҳолатида бўлган бошқа ёғоч таянчларни алмаштиришни негадир пайсалга солиб келмоқда.

Ваҳоланки, ўша пайтдаёқ Қўштепа тумани ҳокимлиги ҳудудга электр энергия тизимини яхшилаш мақсадида 120 дона таянч устун, 120 дона тунги ёритиш чироғи, 1 дона трансформатор ўрнатиш, 9,9 км электр тармоқлари тортиш, алоқа тизимини яхшилаш мақсадида 48 км оптик толали алоқа тармоғи тортиш ва ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш ишларини бажариш режалаштирилганини маълум қилган эди.

Kun.uz мазкур ҳолат бўйича Қўштепа тумани ҳокимлигидан изоҳ кутиб қолади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид