Авазхон Юсупов Қўштепа туманининг Гармдон қишлоғидан. У томорқасига павлония экиб даромад кўради. Боғбон уйига ҳам иссиқхона ташкил қилган. Иссиқхонада узумнинг хорижий навларидан қаламча қилиб кўкартириб сотади. Ёш боғбоннинг қўли қўлига тегмайдиган кунлар етиб келган.

Боғбон қишлоқда ҳам ҳаракат қилиб яхши даромад олаётгани ҳақида сўзлаб берди:

“Қишлоқ шароитида ҳам меҳнат қилган кам бўлмайди. Павлонияларимиз етилган, сотсангиз бу ҳам даромад. Асалариларимиз павлониянинг нектарларидан, гулларидан асалларни олиб келиб йиғишяпти.

Меҳнат қилган одам роҳатни ҳам кўради. Бир мавсумда 60-70 килогача асал йиғиштирамиз. Ўзимиздан ортса, қўни-қўшни маҳалла-кўйга сотамиз. Павлонияларники ва табиатда гуллар кўп, қишлоқда ўт-ўланлар, ҳар хил фойдали ўтлар ҳам кўп-да. Ўшаларнинг ҳам нектарини олиб келиб, асалари сифатли, тоза асал қилиб чиқаради.

Авазхон Юсупов, боғбон

Мана шу катта павлонияларни 2018-2019 йиллари экканмиз. Ҳозирда кичкина тувакчаларда янги ниҳолчаларини, янги кўчатчаларини ҳам чиқариб халққа сотяпмиз.

Усталар павлонияларни эшик-ром ва наққошлик устун, шунга ўхшаган буюмларни ишлаб чиқарамиз деб олишди биздан.

Одам ҳаётдан завқланиб яшаши керак. Павлонияларимиз, асалариларимиз, уйдаги узумларимизни кўриб одамни, ўзимнинг ҳам баҳри дилим очилади.

Шу кунларда четдан кўп узум мевалари, узум навлари кириб келяпти. Биз ҳам шу навларга қизиқиб ўзимиз, халқимизга, маҳалла-кўйимизга фойдамиз тегсин деб, четдан янгилик узумларни мана маникюр фингур, карнавал, аватар, яна бир бошқа сортларни олиб келиб, ҳаракат қилиб иссиқхоналарни уйимизда ташкиллаб, оилавий ўзимиз шуларни етиштириб чиқаряпмиз.