Ўзбекистон | 07:46 / 28.04.2021
2874
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондан Мисрга янги авиақатновлар йўлга қўйилади

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистоннинг бир нечта вилоятларидан Мисрга авиақатновлар йўлга қўйилади. Бу ҳақда Kun.uz’га Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

26 апрел куни транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ҳамда Миср Араб Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Амира Фахми ўртасидаги учрашувда икки мамлакат ўртасида фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама этилди. 

Учрашувда Ўзбекистон томонидан Шарм-ал-Шайхга қатновларни мунтазам равишда йўлга қўйиш, Мисрнинг «Air Cairo» авиакомпанияси томонидан Тошкент – Қоҳира ва Тошкент – Хургада йўналишида рейслар сонини кўпайтириш, Самарқанд, Бухоро ва Фарғона вилоятларидан Қоҳирага авиақатновларни йўлга қўйиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Музокараларга кўра, яқин вақт оралиғида икки давлат авиация соҳаси маъмурияти ҳамда томонларнинг тайинланган авиакомпаниялари учрашиб йўлга қўйиладиган қатновлар юзасидан келишиб олишлари белгиланди.

Бундан олдин, «Turkish Airlines» Истанбулдан Урганч ва Фарғонага авиақатновлар учун рухсатнома олгани хабар қилинганди

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид