Ўзбекистон | 20:31 / 29.04.2021
10266
4 дақиқада ўқилади

«Жамоатчилик керак эмас деган бино қурилмайди» — Шаҳидлар хотираси мажмуасини реконструкция қилиш лойиҳаси тақдим этилди

Реконструкция лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилади. Шу орқали қайси биноларни қолдириш, қайсиларини олиб ташлаш масаласи кўриб чиқилади, хулоса қилинади ва кейин қурилишга киришилади.

Қурилиш вазири ўринбосари Насрулло Бобоев «Шаҳидлар хотираси» мажмуасини реконструкция қилиш лойиҳаси ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, ҳудудда ҳукумат қарори билан қатағон қурбонлари номи акс этадиган рамзий китоб, музей ходимлари учун бино, миллий ҳунармандчилик ва савдо дўконлари, амфитеатр, велойўлаклар қурилади.

«Ҳозирда мажмуа реконструкцияси бўйича эскиз лойиҳа таклифлари ишлаб чиқилган. Улар асосида ишчи лойиҳа ҳужжатлари тайёрланмоқда. Бу ҳали қурилиш бошланди, дегани эмас. Ҳали ҳудуд тўлиқ ўрганилади, муҳандислик қидирув ишлари амалга оширилади.

Реконструкция учун қарор қабул қилиниши, бунга катта маблағлар ажратилиши ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Бу бинони кўп йил эксплуатация қилиш жараёнида сифатли қурилишига эътибор қаратилмагани ёки керакли мутахассислар ўша иш билан шуғулланмагани ҳолатлари бор. Вентиляциялар ҳам маънавий эскириб, реконструкция талаб қилинадиган даражага келиб қолган.

Қурилиш вазири ўринбосари Насрулло Бобоев

Биз инсонларга ўша ердаги минимал шароитларини яратиб беришимиз керак.

Қуриладиган амфитеатрда боболаримиз ҳаётидан театр парчалари намойиш этилади, турли илмий давра суҳбатлари ўтказилади. 

Реконструкция лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўямиз. Жамоатчилик фикрини олган ҳолда қайси биноларни қолдириш, қайсиларини олиб ташлаш масаласи кўриб чиқилади, хулоса қилинади ва кейин қурилишга киришилади.

Жамоатчилик керак эмас бу бинони бу ерда ўрнатиш, деса, у нарсани лойиҳадан чиқариб ташлаймиз.

Бу жойнинг зиёратгоҳлик аҳамияти кўпроқ. Мажмуага cайлгоҳ ёки кўнгилочар жой эмас, зиёратгоҳ сифатида қарашимиз керак», – деди вазир ўринбосари 28 апрел куни ўтказилган матбуот анжуманида.

Насрулло Бобоевга кўра, қурилиш-таъмирлаш ишларини бажарувчи пудратчилар ҳозирча танланмаган.

“Қанча пул жалб қилингани ҳамма учун қизиқ. Очиғини айтаман, лойиҳа тўлиқ ишлаб чиқилмагани сабабли қанча маблағ кетиши аниқ эмас. Лойиҳа тўлиқ ишлаб чиқарилганидан кейин, унинг смета-харажатлари амалга оширилади. Ҳисоб-китоб қилиб чиқилган харажатлар асосида биз сарфланадиган маблағларни айтишимиз мумкин. 

Ҳозирги кунда пудратчи аниқланмаган. Уни аниқлаш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади. Тендер ўтказилиб, пудрат ташкилоти танланиши зарур”, – деди у.

Шунингдек, тадбирда «Қатағон қурбонлари музейи» биноси, рамзий ротонда ва фавворалар реконструкция қилиниши билдирилди. Музей директори ўринбосари Юсуф Ашуровнинг айтишича, ҳозирда бино таъмирга муҳтож ҳолга келиб қолган.

Юсуф Ашуров

«Музейимиз 2002 йилда қурилган бўлиб, ҳозирги кунда маънавий эскириб қолди. Вентиляция, кондиционер, иситиш тизимлари анча эскирди. Реконструкция жараёнида экспозицияларни бойитиш ва янгилаш, яъни қайтадан қуриш ишлари олиб борилади.

Бинонинг ўзига яраша жуда кўп муаммолари бор. Ертўласида доимий захлик мавжуд бўлиб, бино нам тортиб туради. Шунинг ҳисобига унинг захлиги биринчи қаватга ҳам уради.

Бинони қиш кунлари иситиш муаммо. Биздаги кондиционерлар нотўғри қўйилган ва ўша давр техникаси бўлгани учун ҳозирда улар иш бермай қолди. Ҳозир замонавий кондиционерлаштириш тизимини жорий қилмоқчимиз», деди у.

Тадбирда муҳандислик қидирув ишлари олиб борилиши сабабли мажмуа фаолияти тўхтатилгани, ишчи ҳужжатлар тўлиқ ишлаб чиқилиши учун 1-1,5 ой вақт кетиши, ҳали пудратчи аниқланмагани ва улар қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилиши билдирилди.

Аввалроқ, Тошкентдаги «Шаҳидлар хотираси» мажмуасида янги бинолар қурилиши жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлганди. Қурилиш вазири Ботир Зокиров хотира хиёбонига амфитеатр, кафе ва дўконлар қурилишини «буларнинг барчаси қулайлик яратиш нуқтайи назаридан қилинаётгани» билан изоҳлаганди.

«Шаҳидлар хотираси» мажмуасини реконструкция қилиш лойиҳаси:

Мавзуга оид