Ўзбекистон | 07:59 / 29.04.2021
5242
5 дақиқада ўқилади

«Ўзбек геология қидирув» ташкил этилади

Фото: Getty Images

Президент томонидан 2021 йил 21 апрелдаги “Геология соҳасига инвестицияларни фаол жалб этиш, тармоқ корхоналарини трансформация қилиш ва республика минерал-хомашё базасини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор имзоланди.

Ҳужжатга асосан "Қизилқумгeология" АЖ, "Самарқандгеология" АЖ, "Сурхонгеология" АЖ, "Ҳисоргeология" АЖ, "Тошкентгеология" АЖ, "Марказий лаборатория" ДУК ва "Геобуртехника" ДУКларни бирлаштириш йўли билан геология тизимида "Ўзбек геология қидирув" АЖ ташкил этилади.

Белгиланишича, "Ўзбек геология қидирув" республика минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш давлат дастурлари доирасида геология-қидирув ишлари бўйича хизмат кўрсатади. 2025 йилда "Ўзбек геология қидирув" томонидан халқаро молия институтлари ва консалтинг ташкилотлари ёрдамида акцияларини оммавий равишда бирламчи ва иккиламчи жойлаштириш орқали инвесторлар жалб этилади.

"Ўзбек геология қидирув"нинг асосий вазифалари белгиланди:

  • соҳага замонавий ва юқори самарали ускуналарни, илғор техника ва инновацион технологияларни жорий этиш ҳисобига геология соҳасини модернизация қилишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • геология-қидирув ишлари самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш ҳамда харажатларни мақбуллаштириш орқали хизматлар таннархини камайтиришга қаратилган тизимли ишлар олиб бориш;
  • замонавий корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш, моддий-техник, молиявий ва меҳнат ресурсларидан унумли фойдаланиш орқали фаолиятнинг операцион самарадорлигини ошириш;
  • замонавий рақамли технологияларни қўллаш ҳисобига соҳада бажариладиган ишлар рақобатбардошлигини таъминлаш ва геология-қидирув ишларини нафақат республика ҳудудида, балки хорижий давлатларда, халқаро тендерлар ғолиби сифатида бажариш;
  • ҳудудларда геология-қидирув ишларини жадал амалга ошириш орқали республика минерал-хомашё базаси ривожлантирилишини таъминлаш.

Молия вазирлиги ва Давлат геология қўмитасига:

"Ўзбек геология қидирув" таркибида қуйидаги вазифаларни бажариш бўйича лойиҳа офиси ташкил этилишини таъминлаш:

  • трансформация бўйича ислоҳотларни амалга ошириш;
  • корпоратив бошқарув ва халқаро стандартлар замонавий тизимларини жорий этиш;
  • жамият молиявий-иқтисодий фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • "Ўзбек геология қидирув" кузатув кенгаши таркибининг камида 30 фоизини малакали хорижий тажрибага эга соҳа мутахассислари билан тўлдириш;
  • "Ўзбек геология қидирув" раҳбари ўринбосари - молиявий директор (CFO) лавозимини жорий этиш.

Мазкур лавозимга юқори малакали ҳамда ўхшаш лойиҳаларда иш тажрибасига эга бўлган халқаро эксперт жалб этилади.

Шунингдек, шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

  • Давлат геология қўмитасига аукционга қўйилмаган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини олиш учун инвестордан мурожаат келиб тушган тақдирда, ушбу ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатнома "E-AUKSION" ягона электрон савдо майдончаси орқали қонунчилик билан ўрнатилган тартибда аукционга қўйилади;
  • ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини "E-AUKSION" ягона электрон савдо майдончаси орқали реализация қилишда, аукцион ўтказилмаган деб ҳисобланган ҳолда, ариза айни иштирокчидан икки маротаба бир хил ер қаъри участкаси бўйича тақдим этилган бўлса, бундай иштирокчи иккинчи аукцион натижаларига кўра "ягона талабгор" тамойили асосида ғолиб деб эълон қилинади.

Қуйидагилар тасдиқланди:

  • Давлат геология қўмитаси тизимида фаолият юритаётган корхоналарни ислоҳ қилиш, соҳа инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва рақамлаштиришни кенг жорий қилиш бўйича "Йўл харитаси";
  • Давлат геология қўмитаси янги ташкилий тузилмаси;
  • 2021-2022 йилларда фойдали қазилмалар янги конларини аниқлаш учун истиқболли майдон ва структураларда бажариладиган геология-қидирув ишлари асосий йўналишлари;
  • 2021-2022 йилларда республика минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш учун фойдали қазилма захираларини кўпайтириш асосий кўрсаткичлари;
  • 2021-2022 йилларда "Олмалиқ КМК" АЖ томонидан бирлашган Қалмоққир ва Ёшлик-I конлари қайта баҳоланиши ҳисобига фойдали қазилма захираларини кўпайтириш асосий кўрсаткичлари;
  • Давлат геология қўмитаси ва "Ўзбекнефтгаз" АЖ томонидан амалга ошириладиган нефт ва газ майдон ҳамда конларида геология қидирув ишларини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид