Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида маҳаллий аҳоли иштирокида можаро юз берди
28 апрелда Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги маҳаллий аҳоли иштирокида навбатдаги можаро юз берди. Маълумотларга кўра, можарога Тожикистон томонининг чегараолди ҳудуди «Бош сув тақсимлагич» деб номланган қисмидаги электр узатиш линияси устунларида видеокузатув камераларини ўрнатишни бошлагани сабаб бўлган. Бироқ Қирғизистон ушбу ҳудудни баҳсли деб ҳисоблайди.
Қирғизистоннинг воқеа жойига келган чегара отряди ва Боткен вилояти ички ишлар бўлими ходимлари камераларни ўрнатиш бўйича ишларни тўхтатишни талаб қилишган. Бироқ икки давлат чегарачилари келиша олмагач, икки томондан 150га яқин одам тўпланиб, бир-бирларига тош улоқтира бошлашган.
Қирғизистон томонининг хабар беришича, можаро давомида 3 нафар қирғизистонлик жароҳат олган. Ўз навбатида, Тожикистон миллий хавфсизлик қўмитасида маълум қилинишича, можаро 7 нафар тожик фуқароси жабрланишига сабаб бўлган.
Қирғизистонда ушбу можаро юзасидан «Оммавий тартибсизликлар» моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган.
Икки томон ушбу можарода бир-бирини айбламоқда. Қирғизистон чегара хизматида маълум қилинишича, сув тақсимлагич жойлашган ҳудуддаги можаро тожиклар томонидан келтириб чиқарилган.
«Тожикистон томонидан ижтимоий тармоқларда гўёки Қирғизистоннинг турли аҳоли пунктларидан чегарага одамлар олиб келиниб, миллатлараро можарога гижгижланаётгани ҳақида тарқатилаётган хабарлар чегарадаги ҳақиқий вазиятни батамом бузиб кўрсатади. Ушбу можаро Тожикистон фуқаролари томонидан келтириб чиқарилган», дейилган Қирғизистон томони баёнотида.
Шунингдек, Тожикистон томонидан сув тақсимлагич Тожикистонга тегишли экани ҳамда Қирғизистон фуқаролари уни бир томонлама тарзда эгаллаб олганлари ҳақида тарқатилаётган маълумот ҳақиқатга мос эмас. «Юзага келган вазиятни тартибга солиш ўрнига Тожикистон томони бундай баёнотлари билан вазиятни янада кескинлаштирмоқда ва икки давлат чегараолди ҳудудидаги аҳоли ўртасига нифоқ солмоқда», деб қўшимча қилинган Қирғизистон чегара хизматида.
Бироқ Тожикистон томонининг баёнотида таъкидланишича, сув тақсимлагич Қирғизистон аҳоли пунктларидан узоқда жойлашган. Баёнотда айтилишича, 1924—1927 ва 1989 йиллардаги хариталарга кўра, сув тақсимлагич тўлиқ Тожикистон ҳудудида жойлашган. У 1968 йилда қурилган ва Тожикистон, Қирғизистон ҳамда Ўзбекистоннинг чегараолди ҳудудларида ирригация ишларини амалга ошириш ва экин майдонларини суғориш учун мўлжалланган.
Тожикистон чегара хизматида таъкидланишича, Қирғизистон «бир томонлама равишда ушбу гидроиншоотни эгаллаб олган ва чегараолди ҳудудидаги тинч тожикларга қарши фуқаролик кийимида кийиниб олган махсус кучлар жангчиларини қўлламоқда».
Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида вақти-вақти билан маҳаллий аҳоли ва икки давлат чегарачилари ўртасида можаро чиқиб туради. Бунга асосий сабаб чегарада делимитация қилинмаган ўнлаб ҳудудлар мавжудлиги ҳисобланади. Ушбу участкаларда давлатлар ўртасидаги чегара қаердан ўтганини аниқ билиб бўлмайди.
Қирғизистон маълумотларига кўра, Тожикистон билан умумий чегара 972 кмни ташкил қилади. Ундан 519 кмлик қисми бўйича чегаранинг қаердан ўтиши белгилаб олинган, қолган 375 км бўйича эса бир тўхтамга келинмаган.
Мавзуга оид
21:37 / 20.11.2024
«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли бўйича музокаралар якуний босқичда – ОАВ
20:34 / 20.11.2024
Қирғизистон ўз фуқароларига Украинани тарк этишни тавсия қилди
18:39 / 20.11.2024
2024 йилда Қирғизистондан Ўзбекистонга газ экспорти 5 баробар ошди
16:34 / 17.11.2024