20:32 / 29.04.2021
31964

Қирғизистон ва Тожикистон ўт очишни тўхтатишга келишди

Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбий тўқнашувни тўхтатишга келишиб олди. Ҳарбий техникалар илгариги жойига қайтарилади.

Фото: J.D. Pooley/Getty Images

28-29 апрель кунларида қирғиз-тожик чегарасида рўй берган ҳодисалар муносабати билан Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев ҳамда Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ҳамда бошқа вакиллар иштирокида музокара ўтказилди.

Қирғизистон ТИВ маълумотига кўра, томонлар маҳаллий вақт билан соат 20:00дан (Тошкент вақти билан соат 21:00) ўт очишни тўхтатиш ва ҳарбий кучларни аввалги жойларига қайтариш бўйича келишувга эришган.

Қирғизистон ТИВ матбуот хизмати томонлар чегара ҳудудидаги вазиятни ҳал қилиш бўйича келгусида биргаликда амалга ошириладиган саъй-ҳаракатларни муҳокама қилишганини қайд этган. Бишкекдагилар қирғиз томони «бегона ҳудудга даъво қилмаслиги ва ўз ерини ҳеч ким билан бўлишмаслиги»ни билдирган.

«Томонлар яқин соатлар ичида ҳуқуқ-тартибот органлари ва кучишлатар тузилмалар раҳбарлари, шунингдек, маҳаллий бошқарув органлари вакиллари иштирокида алоҳида учрашув ўтказишга ҳам келишиб олишган. Унда вазиятни барқарорлаштириш учун келгуси чоралар муҳокама қилинади. Шунингдек, чегара хизматларининг ҳудудий бўлинмалари иштирокида чегара ҳудудларида навбатчилик қилиш ва вазиятни кузатиш борасида келишувга эришилган», дейилган хабарда.

  • Сўнгги ҳафта давомида Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида танглик юзага келди. 28 апрель куни вазият кескинлаша бошлади. 29 апрель куни эса Боткен вилоятининг бир неча қишлоқларида фавқулодда ҳолат жорий этилиб, маҳаллий аҳоли эвакуация қилиниши бошланди. Куннинг иккинчи ярмида икки томон ҳарбийлари ўртасида отишмалар бошланди. Икки томон бир-бирини вазиятни кескинлаштиришда айблади.
  • Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, шу вақтгача камида 31 киши жароҳатланган, 2 киши ҳалок бўлган. Боткен вилояти маъмурияти маълумотига кўра, чегара яқинидаги қишлоқлардан мингга яқин киши хавфсиз жойга кўчирилган.
  • Тожикистон томонида ҳам 32 киши жароҳатлангани ва 3 киши ўлими тасдиқланган. Жароҳатланганлар орасида Исфара шаҳри мэри Баҳовиддин Баҳодурзода ҳам бор.
Мавзу
Қирғиз-тожик чегарасидаги можаро
Қирғизистон-Тожикистон чегарасида отишма рўй берди. Томонлар низода яна бир-бирларини айблашмоқда.
Барчаси
Top