Чемпионлар лигаси. 1/2 финал. Биринчи ўйин
«ПСЖ» — «Манчестер Сити» — 1:2 (1:0)
Голлар: Маркиньюс, 15 (1:0). Де Брюйне, 64 (1:1). Маҳрез, 71 (1:2).
«ПСЖ»: Навас, Флоренци, Маркиньос, Кимпембе, Баккер, Гейе, Верратти, Паредес (Эррера, 83), Ди Мария (Данилу Перейра, 80), Неймар, Мбаппе.
«Манчестер Сити»: Эдерсон, Уокер, Стоунс, Жоау Канселу (Зинченко, 61), Рубен Диаш, Гундўған, Де Брюйне, Эрнандес, Фоден, Маҳрез, Бернарду Силва.
Огоҳлантиришлар: Жоау Канселу, 31. Паредес, 70. Неймар, 74. Де Брюйне, 86.
Четлатиш: Гейе, 77.
Ҳакам: Брих (Германия).
28 апрел. Париж. «Парк де Пренс» стадиони.
Жавоб ўйини 4 май куни бўлиб ўтади.

Маурисио Почеттино Англияда ишлаган вақтида «Тоттенҳэм»ни прессинг машинасига айлантирган ва жамоани «Ливерпуль»нинг энг яхши даврлари билан таққослаш мумкин эди. Унинг бошқаруви даврида «шпорлар» «МС» учун энг ноқулай рақиблардан бири эди ва Гвардиолани доимо янги юришлар ўйлаб топишга мажбур қиларди. ЕЧЛ-2018/19 мавсуми чорак финалидаги қарама-қаршилик классика жанрига айланганди, гарчи бу ўйин биринчи навбатда Раҳим Стерлингнинг сўнгги дақиқаларда урган голи видеотакрор орқали бекор қилингани билан эслансада.
Почеттинонинг «ПСЖ»си «МанСити»ни прессинг билан қийнаб қўя олмасди. Ва бу мантиқий ҳам. Биринчидан, Неймар ва Анхель Ди Мария — Ҳарри Кейн ва Сон Хин Мин каби охиригача чопувчи меҳнаткашлар эмас. Иккинчидан, Маурисио парижликларни декабрда қабул қилиб олди, у мавсумолди йиғинида жамоа билан бўлмаган, ҳозирги тиғиз график вақтида энг муҳими — кейинги ўйингача тикланиб олиш масаласи бўлиб қолган.
«ПСЖ» ва «Манчестер Сити»да ЕЧЛ плей-оффидаги бошқа жамоа билан таққослаганда кадрлар масаласидаги муаммолар сезиларли эмас. Баҳор бошидан Европа жамоалари нафақат бир-бирига қарши, балки жароҳатларга қарши ҳам курашишига тўғри келиши одатий ҳолга айланди. Бу ўйинга қадар парижликлар сафига Верратти, Паредес ва Флоренци қайтганди.
Маурисио Почеттино кутилган таркиб ва кутилган схемани танлади. 4-3-3 схемасида Ди Марией ҳужум гуруҳи вакили бўлди (ҳимояланишда у ўнг қанотга ўтар ва схема 4-4-2 кўринишига ўзгарарди), Верратти, Паредес ва Гейе яримҳимоядан ўрин олишди. Биринчи бўлимда мезбон футболчилар кўп вақтини рақиб жарима майдони атрофида ўтказишди. Бу парижликлар қарши ҳужумларни жуда қисқа вақт ичида амалга оширгани билан изоҳланади. Улар олдиндан режалаштирилган паслар ва барча футболчилар олдинга ўтиб керакли ҳудудларни банд қилиши эвазига эмас, индивидуал маҳорат эвазига ҳужум уюштиришди. Неймар, Ди Мария, Верратти ва Паредес биринчи бўлимни аъло даражада ўтказишди.




















