Ўзбекистон | 08:26 / 29.04.2021
4250
2 дақиқада ўқилади

Тошлоқ туманида қишлоқ хўжалиги сувларини саноат чиқиндилари билан ифлослантирган шахслар аниқланди

Туманнинг учта маҳалла фуқаролар йиғинида фуқаролар ноқонуний қудуқ ковлаб, ундан чиққан чиқиндиларни оқар сувга оқизиб келган. 

Фарғона вилоят Экология бошқармаси ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, Тошлоқ тумани ҳудудларида туман Ички ишлар бўлими, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекция ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда назорат тадбирлари амалга оширилган. 

Ўтказилган назорат тадбирларида, тумандаги  “Терактаги”, “Конизар”, ва “Якковут” МФЙлар ҳудудларида фуқаролар томонидан ноқонуний равишда қазилган қудуқларидан нефтга ўхшаш суюқликни насос ёрдамида тортиб, унинг яроқсиз қисмини очиқ сув ҳавзасига (маҳаллий ариқларга) оқизиб, сувни ифлослантириш ҳолатлари аниқланган. 

Таъкидланишича, 2021 йил бошидан бугунги кунга қадар 24 та ҳолатда бу сингари ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан жарима жазолари тайинланган. Бундан ташқари, нефтга ўхшаш суюқликни (яъни саноат чиқиндисини) насос ёрдамида тортиб олиб, ташиш ва жойлаштириш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузган 30 нафар фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари бўйича маъмурий жарима жазолари қўлланилган.

Мавзуга оид