Жамият | 22:51 / 30.04.2021
2096
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда икки кунда икки нафар бола машина уриб юбориши оқибатида вафот этди

Жиззах вилоятида 27 ва 28 апрель кунлари машина уриб юбориши оқибатида икки нафар бола вафот этган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати раҳбари Эркин Очилов маълум қилган.

Жумладан, 2021 йил 27 апрель куни соат 8:20ларда Зарбдор тумани «Тозауруғ» МФЙдан ўтган йўлда шу маҳаллада яшовчи 2009 йилда туғилган қиз О.Ҳусния «Nexia» машинаси уриб юбориши оқибатида вафот этган.

Шунингдек, 28 апрель куни соат 8:25ларда Янгиобод туманидан ўтган давлат аҳамиятидаги 4К254 автомобиль йўлининг 4-километрида 2017 йилда туғилган шу туманнинг Шодлик маҳалласида яшовчи ўғил бола О.Жавоҳир «Nexia» машинаси уриб юбориши оқибатида вафот этган.

Қайд этилишича, 5-синф ўқувчиси бўлган О.Ҳусния йўл четида чорва молларини боқиб юрган. 2017 йилда туғилган О.Жавоҳир эса чорва моллари боқиб юрган ота-онаси билан бирга бўлган. Ота-онаси уни қаровсиз қолдириши натижасида машина уриб юборган.

Маълум бўлишича, 2021 йилнинг уч ойи мобайнида Жиззах вилоятида болалар билан боғлиқ 16та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Уларда 14 нафар бола турли даражада тан жароҳатлари олган, икки нафари эса вафот этган.

Апрель ойида эса вилоят ҳудудида болалар иштирокида 7 та ЙТҲ содир бўлган. Оқибатда беш нафар бола турли даражада тан жароҳатлари олган. Икки нафари вафот этган.

Туманлар кесимида ўтган йилнинг уч ойига нисбатан жорий йилда болалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари сони Шароф Рашидов туманида 200 фоизга, Жиззах шаҳрида 133 фоизга, Бахмал, Зомин, Ғаллаорол ва Мирзачўл туманларида 100 фоизга ошган.

Мавзуга оид