Ўзбекистон | 22:29 / 03.05.2021
54094
4 дақиқада ўқилади

9 май арафасида Тошкентда ўтказилган концертда СССР байроғи кўтарилди

Россотрудничество Тошкентдаги Халқлар дўстлиги майдонида ўтказган концертда СССР байроғи кўтарилди. «Миллий тикланиш» партияси буни ўзбек халқини ҳақоратлаш деб атаб, Бош прокуратурадан «бу провокацияга тегишли баҳо бериш»ни сўради.

Фото: Россотрудничество

1 май куни Тошкент марказидаги Халқлар дўстлиги майдонида «Ғалаба қўшиқлари» концерти ўтказилган. Унда СССР байроғи кўтарилгани ўзбекистонликлар ўртасида муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Ижтимоий тармоқда кўплаб фойдаланувчилар суратларни кўриб, даҳшатга тушганини билдирмоқда.

Айрим фойдаланувчилар бу байроқ кўтарилишига масалан, Болтиқбўйи республикалари ёки умуман, мустақил давлатчилигини ҳурмат қилган бирор бир мамлакатда йўл қўйилмаслигини урғулаган.

«Пойтахтда қизил байроқ кўтарилиши бу жуда қўрқинчли ва даҳшатли ҳодиса. Аммо бунга расмийлардан ҳеч ким реакция билдирмаяпти. Унинг муқобили – одамларнинг эътироз, намойишларига эса қонунларимиз йўл қўймайди. Мен қўрқяпман, қўрқяпманки, бу келажакда каттароқ воқеаларга, қайтадан мустамлака бўлишимизга дебоча бўлмасин», – деб ёзди Facebook'нинг ўзбек сегментидаги фойдаланувчилардан бири.

Концертни Россия ТИВнинг Россотрудничество агентлиги ўтказган бўлиб, агентлик пресс-релизида тадбирни Ўзбекистон ҳукумати қўллаб-қувватлагани айтилади.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги 3 май куни берган баёнотида вазирлик концерт дастурининг Ўзбекистонда ўтказилишида ҳамкор экани ва «фақат саҳнадаги жараёнларга жавобгарликни ўз зиммасига олган»ини билдирди.

Kun.uz'га ҳукуматдаги манбалар орқали етиб келган маълумотга кўра, тадбир учун Ўзбекистон ҳукуматидан розилик олинишига Россия Федерацияси халқ артисти Михаил Турецкийнинг Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповга ёзган хати асос бўлган.

Kun.uz'даги маълумотга кўра, бош вазир Абдулла Арипов тадбирни ўтказишга розилик билдириб, уни ташкил этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги қатор мутасаддиларга топшириқ берган.

«Таклифга розилик берилсин. Маданий тадбирни 2021 йил 1 май куни Халқлар дўстлиги санъат саройининг олд майдонида санитария-эпидемиология ҳамда жамоат хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда ташкил этишингизни сўрайман», – дея топшириқ берган бош вазир Маданият вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Миллий гвардия раҳбарларига.

«Миллий тикланиш» демократик партияси концерт вақтида СССР байроғи кўтарилишини кескин қоралаб чиқди.

«Биз санъатга қарши эмасмиз, санъат сиёсатга қурол қилинишига қаршимиз.

Тараққийпарвар ўзбек зиёлилари ва оқкўнгил аждодларимизнинг қонига бўялган босқинчи совет давлати байроғи мамлакатимиз пойтахтининг қоқ марказида баланд кўтарилишини ўзбек халқига нисбатан ҳақорат деб ҳисоблаймиз.

Бош прокуратурадан бу провокацияга тегишли баҳо берилишини кутиб қоламиз», – деб ёзди партия раиси Алишер Қодиров Telegram'даги каналида.

Ижтимоий тармоқларда фикр билдирган айрим фойдаланувчилар Ўзбекистонда «Декоммунизация тўғрисида»ги қонунга эҳтиёж борлиги, қонунни эса қонун ташаббускорлари – депутатлар ишлаб чиқиши зарурлиги ҳақида сўз юритган.

  • Декоммунизация – жамият ҳаётининг барча соҳаларидан коммунистик идеалларни чиқариб ташлашга қаратилган сиёсат. Польша, Венгрия, Молдова, Литва ва Украина қонунчилигига декоммунистик нормалар киритилган, бу мамлакатларнинг айримларида совет даври тимсолларини тарғиб қилиш ёки советлар содир этган жиноятларни оқлаш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Мавзуга оид