Ўзбекистон | 15:57 / 03.05.2021
3149
4 дақиқада ўқилади

ССВ мутахассислари гуруҳи 1003 Call-маркази орқали аҳоли саволларига жавоб бериб бормоқда

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қисқа рақамли 1003 Call-маркази орқали аҳоли саволларига тиббий асосланган жавоблар берилаётганини хабар қилди.

«Юртимизда коронавирус пандемиясининг илк кунлариданоқ вазият мураккаблашган шароитда жамоатчиликнинг касаллик билан боғлиқ саволларига ўз вақтида жавоб бериш, тиббий йўл-йўриқ кўрсатиш тизими йўлга қўйилган эди.

Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2020 йилнинг 15 март куни 1003 ягона қисқа рақамли Call-марказ ишга туширилганди. Фуқароларимиз ушбу рақамга қўнғироқ қилиб, коронавирус инфекцияси билан боғлиқ барча саволларга малакали мутахассислардан аниқ ва асосли жавоб олишмоқда.

Call-марказ ҳозирда ҳам тун-у кун фаолият кўрсатмоқда. Касаллик авжига чиққан вақтда унда 200 нафардан ортиқ профессор ўқитувчилар, шифокорлар уч сменада узлуксиз фуқароларнинг мурожаатларига жавоб берган бўлса, ҳозирда 30 нафар мутахассис уч сменада қўнғироқларни қабул қилмоқда. 

Уларнинг орасида тиббиёт фанлари номзод ва докторлари, малакали мутахассислар бўлиб, фуқаролардан тушган саволларга тиббий асосланган жавоблар ва тавсиялар беришмоқда», дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

Маълум қилинишича, айни пайтда Call-марказга бир кунда ўртача 200-300 нафар фуқаро мурожаат қилмоқда. Баъзида эса бу кўрсаткич 400гача ҳам кўтарилмоқда. Охирги 10 кун ичида 2600 нафар фуқаро қўнғироқ қилган.

Пандемиянинг биринчи кунлари аҳоли коронавирус инфекцияси, унинг юқиш йўллари ва белгилари, профилактика қоидаларини билиш учун мурожаат қилган бўлса, ҳозирда аҳолининг хабардорлиги анча ошганлиги боис, саволлар мазмуни анча ўзгарган. Яъни бугунги кунда вируснинг қайси штаммлари юртимизда қайд этилгани, улар клиникаси бўйича бир-биридан қандай фарқ қилиши, болаларда уларнинг белгилари қандай намоён бўлаётгани, касалликка чалинган бемор қаерда даволаниши каби саволлар берилмоқда. Шу билан бирга, коронавирусга қарши эмлаш билан боғлиқ саволлар ҳам долзарб бўлиб турибди. 

Аҳолини кўпроқ вакцинация жараёнлари қандай ташкил қилингани, бошқа давлатга бориш учун эмланиш қанчалик шартлиги, аҳолининг қайси гуруҳ вакиллари биринчи навбатда эмланаётгани, қайси вакцинани қабул қилган маъқуллиги каби саволлар ҳам қизиқтирмоқда.

Шунингдек, аксарият мурожаатчилар Тошкент шаҳар ва вилоятлардаги COVID-19 билан оғриган беморларни қабул қилаётган шифохоналарнинг манзили ва телефон рақамларини ҳам сўрашмоқда. 

«Афсуски, баъзи фуқаролар Call-марказни 103 — тез тиббий ёрдам хизмати билан адаштириб қуйишади. Ваҳоланки, иккисининг функцияси умуман бир-биридан фарқ қилади. Шундай бўлса-да, Call-марказ операторлари ҳар бир мурожаатга тўлиқ жавоб бериб, хушмуомалалик ва профессионаллик билан фуқароларга тўғри тавсиялар ва йўналиш беришмоқда», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, уй шароитида даволанаётган беморларга ҳамда карантинга олинган шахсларга тиббий маслаҳат ва ахборот бериш мақсадида тун-у кун узлуксиз фаолият кўрсатувчи 1105 қисқа рақамли Call-марказга мурожаатлар кескин камайгани ҳамда коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазият бироз барқарорлашгани инобатга олиниб, 2020 йилнинг 27 ноябридан 1105 қисқа рақамли Call-марказ фаолияти вақтинчалик тўхтатилиб, унинг вазифалари ҳам 1003 – Call-марказига юклатилган эди.

Мавзуга оид