Ўзбекистон | 11:56 / 05.05.2021
11242
4 дақиқада ўқилади

Италиядаги ҳаёт, хорижликларга муносабат ва италянлар характери — Ардуино компанияси ходими билан суҳбат

2 май куни UzbekLife жамоаси Италиянинг Ардуино компанияси ходими Нодирбек Юсуфов билан Instagram’да жонли эфир орқали суҳбат ўтказган эди. Бугун мазкур суҳбатнинг тўлиқ ёзиб олинган вариантини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

«Ардуино компанияси менга муддатсиз меҳнат шартномаси асосида ишлаш таклифини берди...»

Компанияга келишим қизиқ бўлган. Италияга келганимда молиявий ўзимни ўзим таъминлашим ва бунинг учун қўшимча ишлашимга тўғри келди. Шунинг учун турли жойларга ишлаш учун аризалар юбордим. Улар орасида Ардуино ҳам бор эди. Кўплаб жойлардан рад ёки мутлақо жавоб келмаган ҳолатлар бўлди.

Шу орада Ардуино компанияси вакиллари мени суҳбатга чақиришди. Аммо мен у пайтда Милан шаҳрига муҳим иш билан жўнаб кетган эдим. Бироқ улар билан келишув қилиб онлайн суҳбат ўтказдик.

Суҳбатдан ўтдим, кейинчалик юзма-юз суҳбат олиб борилди. Орадан 2 ҳафта ўтди ва менга кутилмаган ҳолда ишга кирганим тўғрисида хабар келди. Шунинг билан, сентябрь ойидан муддатли шартнома асосида фаолиятимни бошладим. Компаниядаги асосий вазифам Амазон платформасида  Ардуино бордлари (микропроцессорлар)ни сотишдан иборат. Яъни нархларни тўғри белгилаш, маҳсулотларни етказиб бериш, компанияга боғлиқ маркетинг стратегияларини ишлаб чиқиш каби вазифалар киради. Ҳозирда ушбу компания менга муддатсиз шартномада доимий ишлашни таклиф қилмоқда. Яқин келажакда бу ерда менинг тўлиқ фаолиятим бошланади.

«Италияда ишлаш ёки ўқиш  истагида бўлган ёшлар асосан италян тилини билиши муҳим...»

Асосан, бу ерда ишлаш ниятида бўлганларнинг ишга кириш имконияти шу давлатнинг ўзидан туриб мурожаат қилинганда юқорироқ бўлади. Кейинги навбатда италян тилини билиш ҳам жуда муҳим. Чунки бу ерликларнинг давлат тилига бўлган ҳурмати юқори.

Шунингдек, билим, ишга бўлган иштиёқингиз, меҳнатсеварлигингиз, энг асосийси, кишилар билан ўзаро мулоқотга яхши кириша олишингиз энг муҳим жиҳатлардан.

Бу ерда таълим олиш учун эса маслаҳат берган бўлардим, аввало, сиз қайси касбни эгаллашингизни ва қобилиятингиз қайси йўналишга кўпроқ етарли эканини аниқлаб олишингиз керак. Албатта, яхши университетга кириш учун билим ва албатта, халқаро IELTS сертификати зарур бўлади.

«Италияликларнинг ўзбекларга ўхшаш жиҳатларини кўплаб кузатдим...»

Италян халқи орасида инсон манфаатларининг улуғворлиги ва тенг ҳуқуқлилик интизомини ҳурмат қиламан. Баъзан кўча-кўйда, савдо ва хизмат кўрсатиш жойларида сиз инглиз тили ёки бошқа тилларда гапирсангиз, улар жавоб қайтармасликлари мумкин. Чунки улар она тилида суҳбатлашишни маъқул кўришади. Италияга келганингизнинг биринчи йилида ушбу тилни ўрганиш шарти йўқ, лекин кейинги йилларда италян тилини билиш даражасини тасдиқловчи сертификат талаб қилинади.

Италян халқи адолатли халқ, буни биргина таълим грантларининг ҳам хорижий, ҳам маҳаллий талабалар учун бир хил эканида кўриш мумкин.  Қолаверса, уларнинг ўзбекларга ўхшаш жиҳатлари кўп. Улар ҳам биз каби ҳамсуҳбат бўлишни ва меҳмондўстликни қадрлашади.

Тўлиқ видеони UzbekLife'нинг YouTube'даги каналида томоша қилинг.

Уфора Ҳабибуллаева суҳбатлашди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид