Жамият | 16:48 / 06.05.2021
18308
2 дақиқада ўқилади

«Спутник V» вакцинаси амалдорлар учун олиб келинганми? «СЭС» расмийси жавоб берди

АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Санитария-эпидемиолик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Ботир Қурбонов «Спутник V» вакцинаси бўйича аҳоли орасида тарқалаётган турли гап-сўзларга ойдинлик киритди.

Ботир Қурбоновнинг айтишича, «Спутник V» вакцинаси фақат амалдорлар учун олиб келингани ҳақида айтилаётган фикрлар ноўрин. Чунки бу вакцина ҳам 65 ёшдан катталар ва тиббиёт ходимларини эмлаш учун олиб келинган. Тошкент шаҳрида мавжуд эмлаш марказларига мазкур вакцина билан эмланиш учун мурожаат қилаётган айрим шахслар ёши 65 ёшга етмагани боис уларга рад жавоби берилган.

«Бугунги кунгача Тошкент шаҳрида 23 мингдан ортиқ фуқаро «Спутник V» вакцинаси билан эмланган. Келтирилган 50 минг вакцинанинг асосий қисми пойтахт аҳолисига тўғри келмоқда. Чунки бу вакцинанинг олиб келиниши ва сақланиши маълум совуқлик занжирини талаб қилади. Бугун-эртадан бошлаб республикамиз вилоятларида ҳам ушбу вакцина билан эмлашни бошлаш кўзда тутилган», деди Қурбонов.

Ўзбекистон «Спутник V» вакцинаси учун катта миқдорда буюртма берган, аммо ишлаб чиқарувчи томонидан етказиб беришда муаммо бўлганлиги боис 50 минг дозада олиб келинган.

«Камида 500 минг дозада келтиришни мўлжаллагандик. Ишлаб чиқарувчи корхона томонидан фақатгина 50 минг доза тайёрлаб берилди. Транспорт вазирлигига алоҳида топшириқ берилган, агар Россия вакцина тайёр деса, ҳозироқ бориб олиб келишга имкониятимиз бор», дейди Ботир Қурбонов.

Олдинроқ одамлар «Спутник V» вакцинаси билан эмлаш бошлангани ҳақида хабар берилган эди. Айни пайтда ўзбекистонликлар AstraZeneca, ZF-UZ-VAC2001 ҳамда «Спутник V» вакциналари билан эмланмоқда.

Мавзуга оид