«Қишлоқда 160 та хўжалик бор. Аҳоли сони 900 нафардан ортиқроқни ташкил этади. Бизнинг молларимиз, эшакларимиз, қўйларимиз, умуман, нима уй ҳайвони бўлса ҳам, қанақадир йиртқич еб кетяпти», — дейди маҳалла фаоли Камолиддин Матхолиқов биз билан суҳбатда.

Қишлоқ аҳлининг таъкидлашича, бундай воқеа қишлоқда 4 йилдан буён кузатилади. Авваллари онда-сонда кузатилиб турган бундай ҳолат, бугунги кунга келиб, одатий ҳолга айланган. Аҳоли чорваларига ҳужум қилаётган номаълум йиртқич бўри бўлсак керак, деган гумонда.

«Қоронғи тушди дегунча одамлар ҳам кўчага чиқишга қўрқиб қолишди. Ёш болалар, аёллар ташқарига чиқишга мутлақо безиллаб қолган. Ўзимиз ҳам хавотирда яшаяпмиз. Бугун чорваларимизга ҳужум қилган номаълум йиртқич эртага ўзимизга ҳам ҳужум қилиб қолса, нима қиламиз?» — дейди суҳбатдошимиз Камолиддин Матхолиқов.

Шу қишлоқда истиқомат қилувчи Зиёда Йўлдошева ҳам номаълум йиртқич сабаб чорваларидан айрилганлардан.

«Иккита бузоғимни ғажиб кетди. Бор-йўғим шу бузоқларим эди. Қишлоқда сув йўқ. Деҳқончиликларимиз ҳам унчалик яхши бўлмаяпти. Тирикчилигимиз асосан шу чорва кетидан эди. Энди яна иккита бузоқ қилгунча икки йил вақт кутишим керак. Зиёнга кирдик. Масалага ечим йўқ», — дейди З.Йўлдошева.

Аҳоли вакиллари ушбу масалага ечим излаб, бир нечта давлат идораларига мурожаат қилган. Фурқат тумани ҳокимлиги, туман ички ишлар бошқармаси, ободонлаштириш бўлими, экология бўлими шулар жумласидандир. Мутасадди ташкилотларнинг айримлари фуқароларнинг ёзма мурожаатларига фақат ёзма жавоб хати бериш билан кифояланмоқда. Масалани келиб ўрганиб ҳам кўришгани йўқ.

Фурқат тумани экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси мутахассиси Сарвар Шамсиддинов боғибўстонлик фуқаролардан мурожаат бўлганини тасдиқлади.