Гап Ҳимолай бўриси билан дайди ит чатишмасидан пайдо бўлган гибрид ҳақида кетмоқда. Олимлар бу ҳайвон маҳаллий табиат мувозанатини ўзгартириши ва яқин келажакда инсонлар учун жиддий хавфга айланишидан хавотирда.
Ҳимолай бўриси (Canis lupus chanco) — кулранг бўрининг қадимий ва генетик жиҳатдан алоҳида тури ҳисобланади. У Тибет тоғли ҳудудлари ва Ҳимолайда яшайди ҳамда совуқ иқлим, кислород танқислиги ва озиқ-овқат кам шароитга яхши мослашган.
Бироқ сўнгги йилларда улар яшайдиган муҳит тез ўзгармоқда. Олимлар таъкидлашича, тоғли ҳудудлар пастликларга нисбатан тезроқ исимоқда. Шу билан бирга, урбанизация ва чиқиндилар кўпайиши ёввойи ҳайвонларни одамлар ва дайди итларга яқинлаштирмоқда.
Бу жараённинг энг яққол мисолларидан бири Ҳимолайнинг ғарбий қисмидаги Ладакх ҳудудида кузатилмоқда. Бу ерда атиги бир неча юзта Ҳимолай бўриси қолган бўлса, дайди итлар сони 25 мингтага етади.
Итлар тўда бўлиб тоғларга чиқади ва Ҳимолай бўрилари овлайдиган ҳайвонларга ов қилади. Энди эса улар ўзаро чатишиб кетмоқда. Натижада “кхипшанг” деб аталган янги гибрид пайдо бўлган.
Ладакх тилида “кхи” — ит, “шанг” эса — бўри деган маънони англатади.
Snow Leopard Conservancy India Trust табиатни муҳофаза қилиш ташкилоти раҳбари Цеванг Намгайлнинг айтишича, кхипшанг ташқи кўриниши жиҳатидан итдан каттароқ, аммо бўридан кичикроқ.
Унинг жуни қизғиш-қумранг тусда бўлиб, хулқ-атвори ҳам оддий итлардан фарқ қилади. Энг хавотирлиси — у одамдан қўрқмайди ва дайди итлар тўдасига етакчилик қилади.
Ладакхлик натуралист ва режиссёр Муҳаммад Имроннинг таъкидлашича, кхипшангда бўрининг овчилик инстинкти ва итларга хос одамдан қўрқмаслик хусусияти бирлашган. Бу эса уни айниқса хавфли қилади.
Янги йиртқич қишлоқларга кириб, чорва молларини ўлдирмоқда ва одамларга ҳам ҳужум қилмоқда. Мутахассислар бундай ҳужумлар сони яқин йилларда ортиши мумкинлигидан хавотирда.
Олимлар вазият ёмонлашишини айнан сўнгги беш йил ичида гибридлар сони тез кўпайгани билан боғламоқда. Ҳозирнинг ўзида Ладакхнинг қарийб 60 минг квадрат километр ҳудудида тахминан 80 та кхипшанг борлиги айтилмоқда.
Ҳимолайда одамлар учун хавфли янги йиртқич пайдо бўлди
13:20 / 19.05.20269 0013 мин
Ҳимолай тоғларининг баланд ҳудудларида янги йиртқич пайдо бўлди. У одамлардан қўрқмайди, дайди итлар тўдасини бошқаради ва қишлоқларга тез-тез кириб бормоқда. Маҳаллий аҳоли уни “кхипшанг” деб атаяпти.







