Ўзбекистон | 07:50 / 07.05.2021
4174
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонлик Олий Мажлис депутати қорақалпоқ тилининг Қорақалпоғистонда амал қилиниши борасида фикр билдирди

Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси депутати Мухтар Ибрагимов қорақалпоқ тилининг Қорақалпоғистонда амал қилиниши ҳақида ўз фикрини билдирди.

Мухтар Мамутовичнинг «Депутатлар минбари»да ёзишича, қорақалпоқ тили давлат тили сифатида фақат Қорақалпоғистон Республикасида амал қилади. 

«Қорақалпоғистон Республикасидаги бир қатор туманларда аҳоли деярли 100 фоиз қорақалпоқ тилида ўзаро мулоқот қилади.

Агар улар вилоятлар ёки Тошкент шаҳридаги мутасадди ташкилотларга, депутатларга мурожаат қилмоқчи бўлса, улардан жумланинг ўзбекча таржимасини талаб қилсак, уларни қийнаётган муаммо туфайли шундоғам асабий бўлиб турган фуқарога нисбатан инсонийлик нуқтаи назаридан ҳам, сиёсий жиҳатдан ҳам адолатли бўлмайди.

Бундай ёндашув ҳар хил тушунмовчилик ва норозиликларни келтириб чиқариши мумкин. 

Бу менинг Қорақалпоғистон Республикасидан сайланган депутат сифатидаги шахсий фикрларим», - дейди Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси депутати.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Пердеғалий Дабилов лотин ёзувига асосланган қорақалпоқ алифбосига қачон тўлиқ ўтилишини айтганди.

Мавзуга оид