Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бюджетдан пул оладиганлар харажатларини ўз сайтида кўрсатиб бориши шарт қилиб қўйилди
«Бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.
Унга кўра, бюджет очиқлиги бўйича маълумотлар расмий веб-сайтларга жойлаштирилмагани бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибини бузиш деб ҳисобланади. Бундай ҳолатда тегишли ташкилот мансабдор шахсига нисбатан жарима қўлланилади.
Молия вазирлиги хабарига кўра, ҳужжатда барча даражадаги бюджет маблағлари тақсимловчилар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчилар ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ижро этувчи дирекцияси томонидан расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириш тартиби белгиланди.
Жумладан, низом билан қуйидаги тартиблар белгиланди:
- бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида очиқ маълумотларнинг мазмуни ва жойлаштириш муддатлари;
- расмий веб-сайтларга жойлаштириб бориладиган маълумотларнинг шакллари;
- бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида очиқ маълумотларни жойлаштириш.
Бундан ташқари, қуйидаги маълумотларни жойлаштириш мажбурий қилиб қўйилди:
- Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Давлат божхона қўмитаси томонидан солиқ ва божхона имтиёзлари рўйхатини, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига тақдим этилган солиқ ва божхона имтиёзларининг миқдори тўғрисидаги маълумотларни;
- давлат органлари томонидан уларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари даромади ва харажатлари ҳам эндиликда ушбу Низом билан тасдиқланган тартиб бўйича ҳар чорак якунларига кўра ўзларининг расмий веб-сайтларига жойлаштириб борилиши шарт.
Қайд этилишича, бу жараён давлат органларининг бюджетдан ташқари маблағлари шаклланиш йўналишлари ва ушбу маблағлар қандай мақсадларда сарфланаётгани бўйича маълумотларнинг жамоатчилик учун очиқ тарзда эълон қилинишини таъминлайди.
Шу билан бирга, Молия вазирлиги бюджет ташкилотларининг харажатлари ижроси, бюджетдан ташқари маблағлар тушуми, харажатлари ҳамда давлат харидлари юзасидан маълумотларни тизимлаштирган ҳолда туман (шаҳар)лар кесимида жойлаштириб бориши белгиланди.
Давлат қарзининг ҳолати ва ўзгариши тўғрисидаги маълумотлар ҳар чоракда ҳисобот чорагидан кейинги иккинчи ойнинг 25 санасига қадар «Очиқ бюджет» ахборот порталига жойлаштирилиши тасдиқланди.
Қонунчиликка киритилган тегишли ўзгартиришларда 2021 йил 1 апрелдан бошлаб бюджет очиқлиги бўйича маълумотлар расмий веб-сайтларга жойлаштирилмагани бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибини бузиш деб ҳисобланади. Бундай ҳолатда тегишли ташкилотларнинг мансабдор шахсларига нисбатан БҲМнинг икки баравари миқдорида жарима қўлланилади.
Мавзуга оид
12:22 / 25.03.2026
Давлат бюджетининг 2025 йилдаги ижроси. Дефицит – 39 трлн сўмгача қисқарди
21:00 / 11.01.2026
«Менинг мактабим» лойиҳасида овоз бериш босқичи бошланди
14:24 / 08.01.2026
Ноқулай иқлим шароити учун устама: қайси ҳудудларда ва қанча?
14:47 / 30.12.2025