20:39 / 10.05.2021
2345

Бухорода 3 ойда 933 та жиноят қайд этилган

Бу ҳақда бугун, 10 май куни бўлиб ўтган халқ депутатлари Бухоро вилояти кенгашининг ХХХIV сессиясида маълум қилинди. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошқариб борган сессияда тегишли масалалар бўйича вилоят ИИБ бошлиғи Шуҳрат Алиев, вилоят прокурори Маҳмуд Истамов, вилоят ҳокимининг ўринбосари маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Йўлдош Жумаевнинг ҳисоботи тингланган.

Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи Шуҳрат Алиевга кўра, жорий йилнинг 3 ойи мобайнида вилоят ҳудудида жами 933 та жиноят қайд этилиб, ўтган йилга нисбатан 330 тага, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 275 тага кўпайган.

Қайд этилган жиноятлар 100 минг аҳоли сонига нисбати ўртача 47 тадан тўғри келган. Бу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 16 тага ўсган. Рўйхатга олинган жиноятларнинг 474 таси жорий йилда, 459 таси аввалги йилларда содир этилган. 313 таси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ташаббуси билан аниқланган жиноятларни ташкил этса, 620 таси олдини олиш мумкин бўлган жиноятлардир. 

Мазкур муддатда ҳудудда қотиллик жинояти 3 тага, талончилик 4 тага, ўғирлик 70 тага, безорилик 1 тага, фирибгарлик 119 тага, товламачилик 1 тага, ўртача оғирликдаги тан жароҳати 14 тага, енгил тан жароҳати етказиш 31 тага кўпайган. 

Сессияда вилоят ҳудудида содир этилаётган жиноятлар шаҳар-туманлар, секторлар, маҳаллалар кесимида бирма-бир таҳлил қилинди. Хизмат фаолияти давомида ҳудудда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда жиноятчиликни жиловлаш борасида йўл қўйган жиддий хато, камчиликлари учун секторлар раҳбарлари, профилактика инспекторлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари кескин огоҳлантирилди. 

Вилоятда «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» асосида амалга оширилаётган ишлар бўйича вилоят прокурори Маҳмуд Истамовнинг ахбороти тингланди.

Исматов «Саховат ва кўмак умумхалқ ҳаракати» йўналишида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича прокурорлар секторларидаги 558 та эҳтиёжманд оилага 158,9 миллион сўмлик озиқ-овқат, 11,7 миллион сўмлик дори-дармон, 66,9 миллион сўмлик чорва ва 32,1 миллион сўм пул маблағлари моддий ёрдам сифатида тарқатилганини маълум қилди.

Top