Ўзбекистон | 21:39 / 10.05.2021
47507
4 дақиқада ўқилади

Қозоқбой Йўлдошев: «Шу депутатлар билан бир ҳаводан нафас олаётганим учун номус қиламан»

Педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев «Давлат тили ҳақида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг 12-моддасига қарши чиқаётган депутатлар ҳақида фикр билдирди.

«Тил – ниҳоятда оғриқли муаммо. Тил ҳақида муносабат билдириб фикр айтсам, ҳамиша бир жазава биланми, қандайдир бир эҳтирос билан гапираман. Ҳолбуки, тил ҳақида эҳтироссиз гапириб бўлмайди.

Онангни шунчаки ҳимоя қила олмайсан, отангни шунчаки қўриқлай олмайсан. Чунки уни муҳаббат туфайли қўриқлайсан. Она тили ҳақида ҳам, ота тили ҳақида ҳам ана шундай жазава билан гапиришга маҳкуммиз. Шунчаки бемалол, хотиржам гапирадиган мавзу эмас бу», – дейди профессор Rost.24 сайтига берган интерьвюсида.

Қозоқбой Йўлдошевга кўра, ўзбек жамиятида рўй берган ҳолат, яъни «Миллий тикланиш» партияси томонидан таклиф қилинган қонун лойиҳаси бошқа партиялар томонидан қабул қилинмагани, ўтказилмагани –миллатимиз шаънига ҳеч кетказиб бўлмайдиган доғдир.

«Ўзининг уйида ўзининг тилида гапиришни истамайдиган одамларни депутат қилиб қўйган халқмиз. Депутат дегани миллат вакили дегани.

Миллат вакилики, ўзининг тилига қарши турган бўлса, бундай миллатнинг бор-йўқлиги ҳақида ўйлаб кўриш керак бўлади.

Мен ана шундай одамларга овоз берганим учун, ана шундай одамлар билан бир ҳаводан нафас олаётганим учун, шулар билан ўзбек деган миллатнинг номини ташиётганим учун номус қиламан. Ана шундай одамлар билан чоғдош бўлганим учун ҳам, миллатдош бўлганим учун ҳам, ватандош бўлганим учун ҳам номус қиламан деб бемалол айта оламан. Чунки ўз уйингда, ўз юртингда, ўз миллатинг тилини олдинга суришни истамаяпсан экан, демак сен кимникидирсан. Ўзбекники эмассан.

Факт шуни кўрсатадики, 123 кишидан 65 киши, ярмидан кўпи қарши овоз бериши – ўз ота тилининг равнақига қарши бўлиши бу...

Ташқаридан келган ёвларга қуролли кучларни қарши қўйиш мумкин экан-у, ичингдан чиққан душманга, ўзини англамаган манқуртларга қарши туриш бу энди бизнинг миллатимиз қисматида бор нарса экан-да. Мана шундай вақтда миллат уйғонмоғи керак бўлади. Лекин миллатнинг энг илғор қисми, миллат вакиллари шу аҳволда бўладиган бўлса, бу миллатнинг келажаги ҳақида ёмон гумонларга, ёмон хавотирларга тушиб қолишингиз табиий.

Ўзининг фарзандларига эмас, номаълум бўлган кимларгадир ноқулай бўлмаслигини истайдиган бизнинг «меҳрибон» миллат вакилларимиз 30 миллиондан ошиқ ўзбекнинг юзига оёқ қўйди. Ўзбекнинг пули ҳисобига кун кўриб туриб шуларнинг кўкрагини кўтариб, истаган бир идорага тап тортмай кириб, ўзининг тилида гапириб, ўзининг тилида ёзиб юриш имкониятини чеклашга ҳаракат қиляпти булар.

Билмайман, бунга фаросати етиб қиляптими, етмай қиляптими. Агар етиб қилаётган бўлса, бу душманлар, агар фаросати етмаётган бўлса, жойини бўшатиб қўйиши керак», – дейди у.

Мавзуга оид