Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида жорий йилнинг 6 май куни “Ёшлар дафтари”га киритилганлар билан ишлаш тизими, амалга оширилиши режалаштирилган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Мирзоҳид Комилов ҳамда мутасаддилар иштирок этди.
Ҳоким ўринбосарига кўра, Янгиҳаёт тумани аҳолисининг 17 553 нафарини ёшлар ташкил этади. Уларнинг 7 726 нафари доимий банд бўлган, 5 308 нафари расмий ишлаётган, 98 нафари муддатли ҳарбий хизматдаги, 32 нафари ЖИЭМлардаги, 2 288 нафари таълимдаги ва 9 827 нафари уюшмаган ёшлардан иборат.
Тадбир давомида туманда “Ёшлар дафтари” бўйича ҳам тизимли ишлар амалга ошириб келинаётгани, айни пайтга қадар “Ёшлар дафтари”га 1 689 нафар ёш киритилган бўлиб, айни пайтда улардан 1 295 нафарининг бандлиги таъминлангани ҳам таъкидланди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 11 мартдаги қарори ижроси юзасидан Янгиҳаёт тумани ҳокимининг қарорига мувофиқ “Ёшлар дафтари жамғармаси” тузилди.
- Унга кўра, ўтган давр мобайнида “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг 20 нафарига бир марталик, жами 19 млн 600 минг сўм моддий ёрдам;
- 8 нафар ёшга даволаниши учун 52 млн 492 минг сўм;
- 7 нафар ёшларга олий ўқув юртининг шартнома тўлови учун 17 млн 590 минг 748 сўм;
- 2 нафар ёшга нотурар жой ижараси учун 2 млн 960 минг сўм;
- 10 нафар ёшга асбоб-ускуна олиб бериш учун 9 млн 800 минг сўм, жами 102 млн 442 минг 748 сўм ажратилган.
Бундан ташқари, тумандаги 499 нафар ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсад қилингани айтиб ўтилди.