Жамият | 20:46 / 11.05.2021
18985
12 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонга кетиш сабаби, у ердаги ҳаёт ва «Bollywood» фильмларидаги иштирок — Ўткир Алимов билан суҳбат

UzbekLife хориждаги ҳамюртларимиз билан суҳбатларни давом эттиради. Навбатдаги суҳбатдошимиз бугунги кунда Нью-Деҳли шаҳридаги «Twisting scoops» компаниясида бранч менежер вазифасида фаолият юритиб келаётган Ўткир Алимов.

Қаҳрамонимиз Қашқадарё вилояти Нишон туманида туғилган. Ҳиндистоннинг Халқаро Османиа университети «Халқаро иқтисодий муносабатлар» факультетида таҳсил олган. Рус, инглиз, турк ва ҳинд тилларини билади.

«Мактабда адабиёт, тарих ва география фанларига жуда қизиқардим...»

Болалик пайтларим кўпинча боболарим олис юрти тоғли Деҳқонободнинг Оқиртма деб аталувчи қишлоғида кечган. Кўпкари улоқ чопган чавандозлар, керагада ўтириб лабида чанқовуз чалган момолар, ўтов ичкарисида то тонгга қадар бахшиларнинг айтишувларини эшитиб катта бўлганмиз. Мактабда адабиёт, тарих ва география фанларига жуда қизиқардим ва бу табиийки китобда ўқиган ва дарсда эшитган масканларни ўз кўзларим билан кўришни хоҳлаганман.

Орзуларим бир кун келиб албатта амалга ошишига ишонардим. Чунки ўзимга бўлган ишонч ва қатъият бор эди. 2005-2008 йиллар Тошкент шаҳридаги ЎзМУ қошидаги С.Сирожиддинов номли академик лицейда ижтимоий гуманитар фанлар йўналишида таҳсил олдим. Ўша пайтлардаги интилиш ва иштиёқ туфайли пойтахтдаги газета ва журналларга шеърлар ва мақолаларимни бериб турардим.

2010 йилда Жанубий-Ғарбий алоҳида ҳарбий округининг Сафарбарлик чақируви резервида ҳарбий хизматда бўлдим. Кейинчалик «Камолот» ЙИҲ (ҳозирги Ёшлар Иттифоқи)нинг туман ва вилоят бўлимларида улар сафига қўшилиб кўпгина ютуқларга эришдим.

«Ҳар гал қанча кўп материал олиб борсам ҳам ижодий имтиҳонларда паст баҳо қўйишган...»

ОАВ вакилларига берган аввалги суҳбатларимда ҳам бу ҳақда алоҳида айтиб ўтганман. Яъни хорижга чиқиб кетишимга сабаб кучли иштиёқдан ташқари, ўша пайтлардаги ўзимизнинг таълим тизимимиздаги айрим адолатсизликлар, истеъдодлиларни тўғри ва холис баҳолай билмаганликлари сабаб чиқиб кетганман. ЎзДЖТУнинг Халқаро журналистика соҳасига уч йил кетма-кет топшириб киролмаганман. Журналист бўлишни, юртимиз ҳаётига оид янгиликларни жонли эфирларда шарҳлашни жуда-жуда истаганман. Ҳар гал қанча кўп материал (мақолалар, шеърлар, ТВ дастурлар) олиб борсам ҳам ижодий имтиҳонларда паст баҳо қўйишган.

Газетада иккита (униям биров ёзиб берган) мақоласи чиққан айрим «танка»си бор абитуриентларнинг ижодий имтиҳонда энг юқори балларни олиши кўнглимни ўкситган. Абитуриентликдаги кетма-кет омадсизликлардан кейин менда чет тилларини ўрганиш, хорижда ўқиш истаги уйғонди ва деярли чет тилим ноль ҳолатда таваккал қилиб 2013 йил Украинанинг Мариупол давлат университетининг «Хорижий тилларга тайёрлов» йўналишига ўқишга кирдим. Бу бир йиллик ўқув курси бўлиб, фақат хорижий тилларни ўргатар эди ва ўқув йили сўнгида жаҳон стандартларига жавоб берадиган тил сертификати берилади.

Украинада юрган кезларимда ҳам бўш юрганим йўқ. Киев, Харков, Одисса, Лвов, Донеск, Виннитса, Полтава каби шарқий Европанинг маданиятини, санъатини, намоён қиладиган бир-биридан гўзал шаҳарларини томоша қилдим, дўстлар орттирдим.

Ўқув курсини тугатгач, дунё университетларининг ТОП 1000 талик рейтингига кирадиган Ҳиндистоннинг Халқаро Османиа университетининг «Халқаро иқтисодий муносабатлар» факультетига тўлов-контракт асосида ўқишга кирдим.

Қанча қийинчиликларга қарамасдан орадан тўрт йил ўтиб университетни ҳам битириб олдим ва бугунги кунда соҳам бўйича ишлаб керакли тажриба тўплаяпман.

«Bollywood» фильмларида иштирок этдим

Нокамтарликка йўйманг-у, шу ерда бир нарсани айтиб ўтсам: ҳатто «Bollywood»га мени кичик эпизодик ролларга ҳам таклиф қилишган. Ўша пайтларда фильм бош қаҳрамонини ўйнаган Амитабх Баччан билан «SyeeRa» номли тарихий фильмда британиялик аскар ролини ўйнаганман. Кейинчалик Шрадҳа Капур ва Прабҳас билан «Saaho» номли жангари фильмда полиция офицери ролида, « KGF. Chapter 2» фильмида эса Санжай Датт билан кема экипажи аъзоси ролида, режиссёр С.С.Ражамоули суратга олган «RRR» тарихий фильмида Ажай Девган ва Рамчаран билан биргаликда ҳарбий трибунал зобит ролларини ўйнаш насиб қилди. Ҳатто бир сафар Бомбейга борганимда актёр Сунил Шеттй билан суҳбатлашиш, у кишидан интервью олиш ҳам насиб этган.

Оддий ходимликдан бранч менежер даражасигача кўтарилдим

Мен ишлаётган «Twisting scoops» компаниясининг марказий офиси Нью-Деҳлида жойлашган бўлиб, Ҳиндистоннинг ўзида 50 дан ортиқ шаҳарларида филиаллари бор ва ҳатто Непалнинг Катманду шаҳрида, Шри-Ланканинг Коломбо шаҳрида, Бангладешнинг Дакка шаҳрида ҳам ўз филиалларига эга.

2013, 2015 йилларда ушбу компания Ҳиндистоннинг ўзида энг яхши импорт маҳсулотлари сервиси номинацияларида «The Times food awards» мукофотларини қўлга киритган.

Компаниямиз асосан Туркия, Хитой ва Малайзиядан аҳоли учун истеъмол товарларини импорт қилади. Бунинг ичига ширинлик маҳсулотлари ва уларни тайёрловчи техник товарлар киради. Импорт қилинган ҳар бир маҳсулот лабораторияда юқори малакали мутахассислар текширувидан ўтгандан сўнг штатлар (вилоятлар)даги филиалларга тарқатилади.

2019 йили ушбу компанияга оддий ходим сифатида ишга кирганман ва бугунги кунга келиб бранч менежер даражасигача кўтарилдим. Сабаби оддий: ишдаги масъулият, тартиб-интизом интизом, муомала маданияти, ходимларга ҳурмат ва хорижий тилларни билишим менга анча қўл келган. Ҳатто бир гал компания бошқарув раиси билан суҳбат қилганимизда Ўзбекистондан ҳам филиал очишини режа қилганлигини ва пандемия офатлари даф бўлгандан сўнг уни амалга оширишини айтганди.

«Цитрус мевалар деярли текин нархларда…»

Аслини олганда ўзбеклар ҳинд диёрида камдан кам ҳолларда муқим фаолият юритиши мумкин. Кўпчилик ватандошларимиз Ҳиндистоннинг дори – фармацевтика, кийим-кечак маҳсулотлари, туризм соҳаси, тиббий техник ускуналар бизнесини йўлга қўйишган ва ушбу маҳсулотларни импорт қилади.

Ўзбеклардан фарқли равишда ҳиндлар юртимизда фаолият юритаётгани талайгина. Бунинг мисоли сифатида «Indorama», «Oltinyol GTL» каби йирик компанияларда ҳиндлар кўпчиликни ташкил этади.

Ҳиндистоннинг ўзида хорижий ишчилар ниҳоятда кам. Борлари ҳам «Tata motors», «Bajaj electronics», «Mahindra», «Apollo» каби йирик компанияларда муҳандислик, IT ва тиббиёт соҳаларида фаолият юритишади.

Хорижий ишчиларга имкониятлар ҳақида айтадиган бўлсам, асосан юқори маош, яхши яшаш шароити билан таъминланганлик, ойликдаги қўшимча иш ҳақлари, йилда бир ойлик тўлиқ таътил ва бу таътилда сизга чегирмали ҳаво чипталарини беришади. Бунда сиз истаган давлатингизга қулай авиа нархларда дам олиб келишингиз мумкин. Бу имтиёзларни ҳам компаниялар ўз зиммасига олади.

Бу мамлакат бошқа давлатларга қараганда анча арзонлигини кўпчилик билса керак. Цитрус мевалар деярли текин нархларда, кийим-кечак эса нисбатан анча арзон. Хорижий тилларни яхшироқ билсангиз фирма ёки компаниялардан ташқари касалхоналарда таржимон сифатида, ҳотелларда ресепшионист сифатида ҳам ишласангиз бўлади.

Қисқа қилиб айтганда, бу ерда тўплаётган маблағингизни кераксиз беҳуда нарсаларга сарфламасангиз, маошингизнинг кам қисми харажатларингизга кетади ва сизда пул йиғиш имкониятларингиз кўпроқ бўлади.

Хорижда ишлаётган ҳар бир инсон борки ўз оиласи учун, бола-чақаси учун ва уларнинг келажаги учун ҳаракат қилиб ишлайди ва топганини иложи борича уйга жўнатади. Чет элда тўплаган озгина тажрибамдан келиб чиқиб шуни маслаҳат берган бўлардимки, ҳеч қачон ҳалол меҳнатдан қочманг ва оғир меҳнат бўлса-да қилаётган ишингиздан ҳеч қачон уялманг. Россия каби иқлими совуқ давлатларда мен ҳам иммигрант сифатида қурилишларда ишлаганман. Гоҳ оч қолиб, гоҳ маошимизни ололмасдан қолган пайтларимиз ҳам кўп бўлган. Ёки бўлмаса Туркия каби давлатда ҳам оддий қора ишларда кам маошга ишлаган пайтларимиз ҳам бўлган ўз вақтида.

Ҳинд шифокорларини мамлакатимизда ишлашга ва тажриба алмашишга жалб қилишимиз лозим

Бу мамлакатнинг тиббиёт соҳаси ривожлангани билан барибир ушбу пандемия шароитида соҳанинг бироз оқсоқлигини кўрсатиб қўйди. Лекин шунга қарамасдан юрак хирургия, кўз касалликлари, жигар циррози каби касалликларга шифохоналарда жарроҳлик амалиёти пайтида шифо топилаётгани бу мамлакатнинг докторлари кучли эканлигидан далолат беради. Агар яна ҳам имконияти бўлса, ҳинд шифокорларини мамлакатимизда ишлашга ва тажриба алмашишга жалб қилишимиз лозим. Кўпроқ Ҳиндистон госпиталлари филиалларини юртимизда очиш керак. Тиббиёт соҳасида ижобий ҳамкорлик самараси ўлароқ анча касалликлар яқин йўламаслиги аниқ.

IТ мутахассислари ҳам жуда кучли бу ерда. Шу соҳада ҳам кўпгина ҳамкорликни йўлга қўйиш мумкин. Биргина Телангана штатидаги Ҳейдерабад шаҳрида ахборот технологияларига ихтисослашган алоҳида шаҳарча «Hitech City» бунёд этилган.

Кейинги ўринда Ҳиндистоннинг таълим соҳасидаги ижобий тажрибаларидан ҳам намуна олишимиз мумкин.

Ҳиндистон таълим тизимининг бизникидан фарқли томонлари кўп. Мактаб таълим шакли 12 синфгача, олий таълим 3 йиллик, магистратура эса 2 йиллик қилиб белгиланган. Мактаб таълими асосан пуллик бўлиб, кўп камбағал оилаларнинг фарзандлари иложсизликдан ўқишолмайди. Университет ва коллежларда ҳар бир интернал ёки экстернал имтиҳонлари ҳам қўлда ёзилади. Имтиҳон пайтида талабаларга муайян вақт берилади ва назоратчилар сизни кузатиб туради. Мобил алоқаси ёки китоблардан фойдаланиш мумкин эмас. Мабодо сизни қандайдир «шпаргалка» билан ушлаб олишса, ўша заҳоти имтиҳон хонасидан чиқариб юборади ва қоидани бузди деб протокол тузишади. Сўнгра энг қийин томони топшираётган фанингизни келаси семестрда қайта ёзишингизга тўғри келади. Яъни ўқитганга яраша талаблари ҳам қаттиқ.

Бу ерда фақат икки фаслни кўриш мумкин холос

Ҳиндистон мен учун синовлар мамлакати бўлди десам ҳам бўлади. Қарийб тўрт йил умримнинг яхши ва ёмон кунлари шу ерда ўтмоқда.

Ўқишдаги қийинчиликлардан ташқари, бу ернинг об-ҳавоси яшаш учун анча ноқулай эди. Бу ерда фақат икки фаслни кўриш мумкин холос: ёз ва куз. Апрелдан бошлаб жазирама даври бошланади, токи бу ёмғирлар мавсумигача, сентябрь-октябр ойларигача давом этади. Ўзим контрактда ўқиганим учун уйдагиларга зарарим тегмасин деб талабалик пайтимда ҳар хил катта-кичик ишларни ҳам қилганман. Муҳими ҳалол меҳнат эди. Ўқишни битириб компанияга ишга кирганимда эса олаётган маошимда барака бўлди. Азалдан бир улуғ ният билан юрардим. Ота-онамиз бизларни ўқитди, тарбия қилди, ҳалол меҳнат қилишга ўргатишди. Болалигимизда уйимизда машина йўқ эди ва мен «катта бўлсам отамга албатта машина олиб бераман кейин онам билан мазза қилиб бирга миниб юради» дердим. Бу ниятимга фаришталар омин деган эканми, яқинда тўплаган пулларимни йиғиб отамга янги «Кобалт» машинасини совға қилдим. Ўша пайтдаги отамнинг хурсандчилигини кўрсангиз эди. Кўзларига ёш келди. Бу гапларни мақтаниш ё миннат учун айтаётганим йўқ. Шундай улуғ ниятни дилига туккан ёшларга озгина бўлса-да мотивация бўлсин деб айтяпман.

Қаерда ва қандай яшаётганингиздан қатъи назар орзу қилишдан ва уни амалга оширишдан тўхтаб қолманг.

Аслиддин Аннаев суҳбатлашди

Мавзуга оид